Африка футбол конфедерацияси 2026 йилги ЖЧда 9 ёки 10та квотага эга бўлади. Бу ҳақда Мавритания пойтахти Нуакшотда ўтказилган матбуот анжумани вақтида ФИФА президенти Жанни Инфантино маълум қилган. Унинг сўзлари France Presse агентлиги томонидан келтирилган.

ФИФА раҳбари жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини ошириш  футбол ривожига хизмат қилиб, ушбу спорт турига киритиладиган  инвестициялар ҳажмини оширади.

"2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган 48 терма жамоадан 9та ёки 10таси Африка вакиллари бўлади. Биз айнан квоталарни тақсимлаш устида ишламоқдамиз", - деган Инфантино.

Айни вақтдаги тартибга кўра, 32та терма жамоа қатнашадиган ЖЧда Африкадан 5та терма жамоа иштирок этади. Мундиал иштирокчилари сонини 2026 йилдан 32тадан 48тага етказиш ҳақидаги қарор ўтган йилнинг декабрида ФИФА кенгаши томонидан қабул қилинганди. Янги форматдаги жаҳон биринчилигида иштирокчилар 16та гуруҳ ҳосил қилади ва ҳар бир гуруҳда 3тадан терма жамоа жой олади. Гуруҳлардан биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган терма жамоалар кейинги босқичга чиқади.

Квоталарни тақсимлаш бўйича якуний қарор кейинроқ маълум қилинади. Ҳозирги маълумотларга кўра, квоталар тақсимоти қуйидагича бўлади: Европа - 16 терма жамоа, Африка - 9,5 (ўтиш ўйини ўтказилади), Осиё - 8,5, Шимолий ва Марказий Америка 6,5, Жанубий Америка - 6,5, Океания - 1.

Жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини кўпайтириш ғоясини Инфантино ФИФА президентлигига сайланишидан 1 йил олдинроқ таклиф эта бошлаганди. Ўшанда у иштирокчилар сонини 40тага етказиш ҳақида гапирарди, президентликка сайлангач эса бу миқдор 48та бўлди.  2018 ва 2022 йилларда России ва Қатарда ўтказиладиган мундиалларда иштирокчилар сони 32талигича қолади.

France Presse агентлиги хабарига кўра, ФИФА форматни ўзгартириш эвазига 3,54 млрд ўрнига 4,18 млрд доллар даромад кўришни режалаштирган.