АҚШ бош прокурори Жефф Сешнс россияликлар билан сайлов мавзусини муҳокама қилмагани ҳақида айтди.

«Мен сайловларни муҳокама қилиш учун Россиянинг ҳеч бир вакили билан учрашмаганман», — дея Сешнснинг сўзларини келтирган Associated Press.

Бош прокурорнинг сўзларига кўра, унинг Россия расмийлари билан алоқалари ҳақидаги хабарлар асоссиздир.

Бундан олдинроқ The Washington Post нашри 2016 йили Алабама штатидан сенатор бўлмиш Сешнс Россия элчиси Сергей Кисляк билан икки марта учрашгани ҳақида ёзганди. Сешнс сайловолди кампаниясида Дональд Трампни қўллаб-қувватлаб чиққан илк сенатор бўлгани қайд этилганди.

Кейинроқ Вакиллик палатасидаги демократлар етакчиси Нэнси Пелоси Жефф Сешнснинг истеъфосини талаб қилди. Унинг айтишича бош прокурор Конгрессдаги сўров вақтида Россия билан алоқалари бўйича саволга «йўқ» жавобини бериб, «ёлғон қасам ичган».