Энг йирик алоқа оператори Beeline миллий матбуот-анжумани доирасида 2016 йилдаги фаолияти натижаларини сарҳисоб қилди. Unitel‘нинг тижорат директори Максим Ефремов ўз тақдимотида компаниянинг ўтган йилдаги капитал ҳаражатлари 533 миллиард сўмга етганини белгилаб ўтди. Бу ҳақда Beeline Ахборот хизмати Kun.uz’га хабар бермоқда.

2016 йилнинг IV чораги натижалари бўйича Beeline абонентлари миқдори 9 506 503 кишини ташкил этди, бу эса I чоракдаги натижадан 0,1 фоиз кўп. Бир ой давомида битта мобил абонентига бўлган ўртача ҳисоб (ARPU кўрсаткичи) йилдан йилга 10,4 фоизга – 17 925 сўмгача ўсди. Бунда МОU кўрсаткичи (бир ойда битта абонент томонидан фойдаланилган дақиқалар сони) йил мобайнида 554 дақиқагача ўсди (ўтган йилдаги 501 дақиқага нисбатан (+10,6 фоиз).

Ўзбекистон мобил бозорида етакчилик қилаётган компаниянинг операцион фойдаси йил мобайнида 7,6 фоизга ошди ва 1,967 триллион сўмни ташкил этди.

Маълумот ўрнида: Beeline бренди Ўзбекистон республикаси ҳудудида МЧЖ Unitel‘нинг савдо белгиси ҳисобланади. Компания 1996 йилда ташкил этилган. Компаниянинг тижорат фаолияти 1997 йил 25 сентябр куни бошланган. Ҳозирги кунда компания Ўзбекистон GSM -операторлари қаторида етакчи ўринни егаллаб келмоқда. 2016 йил натижалари бўйича компания абонентларининг сони 9 506 503 кишини ташкил қилди. 2006 йил 12 сентабрдан бошлаб “Unitel” МЧЖ “Beeline” савдо белгиси остида хизмат кўрсатиб келмоқда. 2008 йил 2 декабр куни “Unitel” компанияси Ўзбекистонда биринчи бўлиб, 3G тармоғи ишга туширилиши тўғрисида эълон қилди. 2014 йилнинг 4 сентябр куни Beeline Ўзбекистонда илк бор 4G LTE тармоғини ишга туширди.