Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Ц-мавзеси, Чўпон Ота кўчаси 28А-уйда жойлашган маъмурий бинода содир бўлган ёнғинга нима сабаб бўлганига ойдинлик киритилди. Унга бинонинг биринчи қаватидаги хоналардан биридаги электр ускуналарида юз берган қисқа туташув сабаб бўлган. 

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида ОАВ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот брифингида маълум қилинди, деб хабар қилади Кун.uz мухбири.

Мазкур брифингда, шунингдек, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Амир Темур кўчаси 25-уйда жойлашган бизнес марказ биносининг 8-қаватида содир бўлган ёнғин сабаби ҳам айтилди. 

Унга кўра, 8-қаватдаги ёнғин юз берган хонада компьютер ускунаси, принтер, уларга электр манбаига уланиш имконини берувчи “пилот”нинг доимо ишлаб тургани оқибатида қисқа туташув юз берган. Бунга бир жиҳатдан “пилот”нинг эскирганлиги ва белгиланган хизмат муддатини ортиғи билан ўтагани ҳам асос бўлгани аниқланган.