Туркия президенти Тоййиб Эрдўған Туркия, Россия ва “Сурия озод армияси” ўртасида ҳодисалар рўй бермаслиги учун барча чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Haber Turk телеканалининг хабар қилишича, у бу ҳақда Покистондан қайта туриб самолётда журналистларга айтган.

"Бизнинг мақсадимиз – бундай ҳодисалар рўй беришига йўл қўймаслик. Умид қиламанки, улар кузатилмайди. Биз бундай хатолар бўлишини истамаймиз", - деди у. Эрдўған бундай баёнотни Сурияда бир вақтда жанговар амалиётлар ўтказаётган икки давлат қуролли кучлари ўртасида тўғридан-тўғри ихтилофлар эҳтимоли юзасидан ўз ташвишини билдирган таҳлилчилар туфайли қилган. 

Эрдўғаннинг “Фирот қалқони” аксилтеррорчилик амалиёти ҳақидаги фикрларига кўра, Туркия ҚК ва СОАнинг кейинги мақсади Манбиж шаҳри бўлади. У ерда АҚШ томонидан қўллаб-қувватланувчи “Сурия демократик кучлари”нинг курдлардан ташкил топган тузилмалари жойлашган. Туркия бу тузилмалардан баъзиларини террористик деб ҳисоблайди.

“Америка янги маъмуриятида Раққа ва Манбиж ҳамда улардаги амалиётларга нисбатан қарорлар бор, дея олмайман. Бироқ бизнинг фикримизча, Сурия демократик кучлари уларда иштирок этиши керак эмас. Амалиётимиз Манбиж шаҳрига йўналтирилади. Бу шаҳар тозаланиши керак, сабаби у Суриянинг араб аҳолисига тегишли", - деди Эрдўған.

Шунингдек Эрдўған Москвага ташрифи давомида Россия билан ИШИДга қарши ҳамкорликда курашиш масалаларини ҳам муҳокама қилишни режалаштирган.

“Биз Россиядан тегишли мурожаат бўлса, ИШИДга қарши биргаликда курашни давом эттиришимиз мумкин. Мартдаги ташрифимизда бу масалаларни атрофлича муҳокама қилиш имконияти бўлади", - деди у.

Эрдўған 9 март куни Москва шаҳрига олий даражадаги Россия-Туркия Кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун келади.

Туркия ТИВ раҳбари Мевлут Чавушўғлининг таъкидлашича, Туркия ва Россия Ал-Боб шаҳрида мухолифат ва Сурия армияси кучлари тўқнашувини олдини олиш масаласи бўйича келишувга эришган.