Лондондаги кимошди савдосида деярли 90 йил илгари Александр Флеминг томонидан ҳосил қилинган моғор намунаси 14 617 долларга сотилди. Бу ҳақида NPR портали хабар берди. Харидор ўз исмини сир сақлашга қарор қилди. 

Намуна "илк марта пенициллин яратилган моғор" деб ёзилган шиша идишда сақланган. Флемингда оригинал намуна ёрдамида ҳосил қилинган ўнлаб моғор намуналари бўлган. "Флеминг уларни муқаддас буюм каби амалдорлар ва олимларга йўлларди", - дея таъкидлайди кимошди савдоси раҳбари. 

Рим папаси Пия XII ва актриса Марлен Дитрихда ҳам моғорнинг бошқа намуналари бўлган. Флеминг пенециллинни тасодифан кашф қилган - 1928 йилда бактериялар турган идишга моғор замбуруғи спораси (спора - бир ҳужайрали жониворларнинг урчиш органи) тушади ва уларнинг бактерияларни йўқ қилишга қодирлиги маълум бўлади. Пенициллин биринчи антибиотик бўлган ва тиббиёт ривожига улкан таъсир кўрсатган.