Pew Research Centre'нинг сўнгги таҳлилларига кўра, юз йиллик охирига яқин ислом дунёдаги энг машҳур динга айланиши кутилмоқда. Бу ҳақида DailySabah нашрида хабар берилди.

"Ҳақиқатдан ҳам, агар ҳозирги демографик тенденциялар сақланиб қоладиган бўлса, юз йиллик охирига бориб мусулмонлар сони насронийлар сонидан ошиб кетади", - дейилади таҳлил матнида.

Тадқиқот ислом дини дунёнинг бошқа динларига қараганда тезкор суръатларда ўсиб бораётганини кўрсатган, насроний аҳоли сонининг ўсиши эса турғун ҳолатда экани қайд этилган.

Мусулмонларнинг кўпайиши нисбатан ёш аҳоли ва туғилиш кўрсаткичларининг юқорилиги билан боғлиқ.

Манбага кўра, ҳар бир мусулмон аёл ўртача 3,1 фарзандга эга. Бошқа динга эътиқод қилувчиларнинг барчасини қўшганда эса бу кўрсаткич 2,3 нафарни ташкил қилади.

Pew таҳлилларида таъкидланишича, 2010-2050 йиллар оралиғида мусулмон аҳоли сони 73 фоизга (1,6 миллиарддан 2,8 миллиардга) ўсади. Насронийлар сони эса 2050 йилга қадар атиги 35 фоизга (2,1 миллиарддан 2,9 миллиардгача) ўсиши тахмин қилинмоқда. Шу боис 2070 йилга бориб рақамлар ислом дини фойдасига бўлиши аён эканлиги қайд этилган.

Pew'нинг баҳолашича, келаси бир неча ўн йиллар давомида ҳеч бир динга эътиқод қилмайдиган кишилар сони камаяди.

Буддага ишонувчилар сони тахминан 2010 йилдаги кўрсаткичга тенг бўлади. Индуизмга эътиқод қилувчилар ва яҳудий халқи сони бугунгидан кўп бўлади.

Европада мусулмонлар миграцияси ошиб борар экан, 2050 йилга бориб у ерда ислом динига эътиқод қилувчилар аҳоли умумий сонининг 10 фоизини ташкил қилади.

АҚШда ҳам насронийлар сони камайиши тахмин қилинмоқда, 2050 йилга бориб у ерда яҳудийлардан мусулмонлар кўп бўлиши қайд этилган.