Спорткарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган McLaren компанияси 650S модели ўрнини эгалловчи янги суперкарининг йиғилувчи приборлар панелини намойиш қилди. Унинг иккита дисплейи бор: йирик экранда автомобиль ишлашига доир тўлиқ маълумот акс этса, кичигида бу ахборотлар ихчамлашган кўринишда бўлади. 

Электрон ускуналар қурилмасининг ишлаши бошқарувчи электроникада танланган тартибга узвий равишда ўзгаради. Стандарт тартибда катта экран ишлайди. Унда борткомпьютернинг масофа ва ёқилғи сарфи, тезлик, танланган узатма, ёқилғи захираси, одометр ва бошқа маълумотларга доир рақамлари акс этади. 

Трек тартибида (ёки махсус тугма босилгач) катта экран автоматик равишда айланиб, кичик тор экран ишга тушади. Унда мотор айланмаси, тезлик, танланган узатма ва узатма босқичини алмаштириш учун қулай вақтни кўрсатувчи турли ранглар жилоланади. 

McLaren компаниясининг ишонтиришича, кичик экран  — трек бўйича ҳаракатланишда жуда қўл келади, чунки унда ортиқча маълумотлар талаб қилинмайди. 

Суперкар карбонли монокок, 4.0 литрли, 720 от кучига яқин V8 моторга эга бўлади. Бундан ташқари, мослашувчан шасси, бошқарув электроникасида махсус дрифт-тартиб ва фаол аэродинамик элементлар ўрнатилади. Купе 0дан соатига 200 км тезликка 7,8 сонияда эришади. Бу тезликдан тўлиқ тўхташ 4,6 сонияни ташкил этади.