Германия канцлери Ангела Меркелнинг Мисрга парвози ярим соатга кечикди. Унинг самолёти учиш-қўниш йўлагида ҳавога кўтарила олмасдан, 30 дақиқа туриб қолган. Bild таблоиди маълумотига кўра, бунга A340 Theodor Heuss самолёти бортида юзага келган техник носозлик сабаб бўлди.

Манба маълумотига кўра, захира борти бўлмагани туфайли канцлер кутишга мажбур бўлган.

Қайд этиш керакки, бу Германияда ҳукумат самолёти билан илк марта муаммо юзага келиши эмас. 7 февраль куни Мудофаа вазири Урсула фон дер Ляйен Литвага учган Airbus A400M ҳарбий-транспорт самолёти бузилиб қолганди. Натижада вазир ортга уча олмаган ва самолёт Каунасда қолганди. Вазирни олиб келиш учун захирадаги Transall самолёти юборилганди.

Меркель хоним 2-3 март кунлари Миср ва Тунисда бўлади.