Россия муфтийлар кенгаши «шариат патрули» лойиҳасини расман қоралаб чиқди ва у диний низоларни келтириб чиқариш характерига эга эканини айтди.

1 март куни Москвада «СтопХам» лойиҳаси иштирокчиларидан бири «Стоп харам» (яъни, «Стоп ҳаром») деб номланган дастурни яратгани, унинг доирасида у «умуминсоний ахлоқ меъёрларига риоя этилиши» устидан назорат олиб бораётгани хабар берилган эди.

Кўп ўтмасдан Россия Мусулмонлари диний идораси раҳбари, Москва муфтийси Альбир Крганов «Стоп Харам» лойиҳасини қоралаб чиқди. У бу ҳаракатни «унчалик тушунарли бўлмаган ташаббус» деб атади.

«У низоларга олиб келади деб ўйлайман… Агар ҳозир биздаги ҳар битта мазҳаб кўчадаги ўткинчиларга хиралик қилишни, ахлоқ-одоб ўргатишни бошласа, бундан бизга қандай фойда тегади? Дунёвий мамлакатда буни қандай қабул қилиш мумкин?», деганди у.