Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба кунлари республика ҳудудида “Профилактика куни” деб белгиланди. Мазкур топшириқни бажариш юзасидан Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманлар қатори Тошкент шаҳри прокуратураси ва ИИББ ҳамкорликда 2017 йил 2 март кунида ҳам пойтахтнинг барча туманларида давлат ва жамоат ташкилотлари, аҳоли иштирокида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ташкил этилди. 

Хусусан, Тошкентнинг Учтепа туманида ҳам ўтказилган шундай тадбирларда Кун.uz мухбири иштирок этди. Туманнинг турли маҳаллалари, мактаблар ва коллежларида профилактика куни муносабати билан учрашувлар бўлиб ўтди. Шундай йиғилишлар “Давомат” тадбири доирасида тумандаги 295-, 129-, 75-, 62-сонли ўрта таълим мактаблари ва солиқ коллежида ташкил этилди. 

Уларда ёшлар орасида турли хил нохуш ҳолатлар, жиноятлар, қоидабузарликларга қарши кураш, уларнинг олдини олиш, таълим масканларидаги давомат, мактаб низомида белгиланган уст-бошга риоя қилиш, ўқувчиларга смартфонлар олиб бермаслик, Тошкент шаҳри ҳокимининг буйруғи билан кечки 21:00дан сўнг вояга етмаган болаларнинг интернет кафеларда бўлишига йўл қўймаслик, охирги вақтларда интернетда урф бўлаётган, инсон умрига зомин бўлувчи ҳар хил разил ўйинлар хусусида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди. 

Учтепа тумани “Ўрикзор” маҳалласида бўлиб ўтган тадбирда кўп қаватли уйлар ва якка тартибдаги хусусий хонадонларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши, электр ва табиий газ таъминотига ноқонуний ёки нотўғри уланиб олиш натижасида ёнғин келиб чиқиш хавфи мавжуд ҳолатларни аниқлаш, уларни бартараф этиш ва бошқа турли жиноятларнинг олдини олиш бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари ўтказилди.  

Шу билан бирга, йиғилишлар вақтида ота-оналар, маҳалла оқсоқоллари ҳамда фаолларининг талаб ва таклифлари тингланди.