2017 йил 1 март куни халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги йигирманчи сессияси бўлиб ўтди. Унда қонунийликни мустаҳкамлаш, ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш ва Кенгаш ваколатига доир бошқа қатор масалалар кўриб чиқилди. Сессияни Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов олиб борди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимиятининг Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Сессия кун тартиби бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси органларининг шаҳарда қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш ҳамда профилактика қилиш борасидаги фаолияти юзасидан Тошкент шаҳар прокурорининг ахбороти тингланди.

Тошкент шаҳар прокурорининг ахбороти асосида шаҳар ҳудудида қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган  қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Сессияда пойтахт ички ишлар идоралари томонидан Тошкент шаҳри ҳудудида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида самарали чора-тадбирлар амалга оширилгани таъкидланди.

Барча хизмат йўналишлари бўйича содир этилган жиноятлар 2,1 фоизга ҳамда жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 6,3 фоизга камайишига эришилди. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида жиноятларни фош этилиши 3,9 фоизга яхшиланди. Шу билан бирга, ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндошиб сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ходимларни тақдирлаб бориш, бу борада ходимлар ўртасида соғлом рақобат яратиш мақсадида, соҳавий хизматлар йўналишида кўрик-танловлар ўтказилиши ташкил этилди.

Бундан ташқари, жойлардаги профилактика инспекторлари билан ўзини-ўзи бошқариш идоралари ўртасидаги ҳамкорлик етарли даражада ташкил этиб борилмаётганлиги, профилактика инспекторларининг алоқасидаги манбаалар имкониятларидан фойдаланиш бугунги кун талабига жавоб бермаслиги оқибатида маҳаллалардаги нотинч оилалар, бир-бирига қасдлашган фуқаролар тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиш, уларнинг ўртасидаги жиноят содир бўлишини олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳанузгача талаб даражасида олиб борилмаётганлиги қайд этилди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссиянинг Тошкент шаҳар ҳудудий комиссияси тузилиб, уларнинг вазифалари белгиланди.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсманнинг) Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилининг ҳисоботи, жойларда ташкил этилган фуқаролар қабулхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, баъзи географик объектлар номларини тартибга келтириш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг йигирманчи сессиясида кўрилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.