Германиянинг Баден-Вюртемберг федерал ерида жойлашган Гаггенау шаҳри раҳбарияти Туркиянинг адлия вазири Бакир Бўздагнинг 2 март куни кечки пайтга белгиланган нутқини бекор қилди.  

Аввалроқ бир қатор турк вазирлари, жумладан адлия ва иқтисодиёт вазирлари Туркия конституциясига тузатмалар киритиш бўйича референдум олдидан катта турк диаспораси яшовчи Германияга ташриф буюрмоқчи эканликларини маълум қилишган.  

Туркиянинг олий сайлов кенгаши Туркия конституциясига ўзгартиришлар пакети бўйича  референдум ўтказиладиган кун сифатида 16 апрелни белгилаган. Бу референдумда Туркиянинг амалдаги парламент бошқарув шаклидан президент бошқаруви шаклига ўтиш бўйича овоз берилади.

Берлин ва Анқара ўртасидаги муносабатлар 27 февралда Истанбулда турк миллатига мансуб немис журналисти Дениз Южел ҳибсга олингандан кейин кескинлашди. Журналист турк ҳукумати томондан "террорчилик ташкилотида иштирок этиш, маълумотларни қонунга хилоф равишда қўллаш, террорчилик тарғиботида" гумон қилинмоқда. Германия канцлери Ангела Меркель Анқарадан журналистнинг озод қилинишини ва ОАВ эркинлигига амал қилишни талаб қилган.