Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари бугунги кунгача ИШИД террорчилик ташкилотининг 50 мингдан кўпроқ шеригининг чегарани ноқонуний кесиб ўтишининг олдини олган. Бу ҳақда Туркия бош вазири Бинали Йилдирим маълум қилди. 

Унинг айтишича, умумий ҳисобда ИШИДнинг 3500 дан кўпроқ жангариси ҳибсга олинган, бу  эса қотилликлар ва бошқа жиноятларнинг олдини олган.

Йилдирим террорчилар Сурияда таъсир ҳудудини кенгайтириш учун турли номлардан фойдаланаётганини таъкидлаб ўтди. "Бироқ улар номланишдан қатъий назар, хоҳ у  YPG ёки PYD бўладими, Туркия душманларни таний олишини билишлари керак", деб таъкидлаб ўтган Туркия бош вазири. 

"Туркиянинг иттифоқдошлари ва дўстлари қандайдир ҳаракатларни амалга оширишдан аввал 100 карра ўйлаб кўришлари керак. Улар ким билан – ё Туркия, ё террорчилар билан йўлни давом эттиришларини ҳал қилишлари лозим"", деб таъкидлаб ўтди Йилдирим.