Тошкент шаҳрида вояга етмаганлар орасида жиноят содир этиш ҳоллари пасаймоқда. Хусусан, 2016 йил давомида шаҳар бўйича 298та жиноят (асосан, ўғрилик, безорилик) вояга етмаганлар томонидан содир этилган. Бу рақам 2015 йилда 374тани ташкил этган. 

2017 йил 2 март куни “Профилактика куни” муносабати билан Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида ОАВ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган матбуот брифингида шу ҳақда маълум қилинди. Унда Тошкент шаҳри прокурори ўринбосари Ёрқин Абдуллаев ва Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Ташходжаевлар 2017 йил 23 февралидан 1 март кунигача бўлган ҳафта давомида олиб борилган ишлар юзасидан ахборот беришди, деб хабар қилади Кун.uz мухбири. 2017 йил январь ойи бўйича бу борадаги кўрсаткич 9тани ташкил этган. 2016 йилнинг шу ойида вояга етмаганлар 15та жиноятни содир этгани қайд этилган эди. 

Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳафтанинг пайшанба кунлари республика ҳудудида “Профилактика куни” деб белгиланди. Мазкур топшириқни бажариш юзасидан Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманлар қатори Тошкент шаҳри прокуратураси ва ИИББ ҳамкорликда амалий чоралар кўрилмоқда. 

Жумладан ўтган бир ҳафта мобайнида ички ишлар ходимлари томонидан профилактика ишлари натижасида 58 нафар қидирувда бўлган шахс аниқланган. Интернет-кафеларда тунги вақтларда вояга етмаганларнинг бўлмаслиги борасида махсус рейдлар олиб борилган. 

Бундан ташқари, шаҳар ҳудудида яширин тарзда фаолияти йўлга қўйилган 9та фоҳишахона ва қўшмачилик манзилгоҳлари аниқланган. Шу билан бирга, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш борасида 22 мингга яқин турли қоидабузарликларга қарши чоралар кўрилган. 

Брифингда ОАВ ходимларини қизиқтирган турли масалалар юзасидан маълумотлар берилди.