Жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси раиси Даврон Хидоятов Франция ривожлантириш агентлиги вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда Давлат рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда республикада аграр ислоҳотларни ўтказиш, маҳаллий ва экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бозорини таркиблаштириш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш стратегиясини ишлаб чиқиш ҳамда уни босқичма–босқич эркинлаштириш ва рақобатбардошлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди. Франция ривожлантириш агентлигининг Тошкентдаги бюроси раҳбари жаноб Рафаэл Жозан кўрсатилган эътибор учун ўз миннатдорчилигини билдирди.

Бўлиб ўтган мулоқотда мамлакатда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, шу жумладан боғ майдонлари ҳажмларини кўпайтириш, музлатиш камералари қувватларини ошириш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлашни янада такомиллаштириш борасида эришилган натижалар билан бир қаторда ушбу соҳани янада ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари қайд этилди.

Хусусан, ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, логистик занжир тизимини такомиллаштириш, манзилли маркетинг ва экспорт сиёсатини ишлаб чиқиш ҳар иккала томоннинг истиқболдаги ўзаро ҳамкорлик йўналиши эканлиги таъкидланди.

Франция ривожлантириш агентлиги экспертлари ушбу йўналишда устувор вазифалар қаторига экспорт фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда институционал ва инфратузилмавий масалаларни комплекс ҳал этиш зарурлигини эътироф этдилар. Франциянинг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳасида тўплаган бой тажрибаси ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ҳисобга олган ҳолда томонлар ушбу йўналишда ҳамкорлик қилишни янги палласига ўтишдан манфаатдор эканликларини изҳор этдилар.

Учрашувда шунингдек монополияга қарши тартибга солиш қонунчилиги ва профессионал салоҳиятни ривожлантириш борасида ҳамда иқтисодиёт тармоқларида рақобат ҳолатини ўрганиш соҳасида Франциянинг рақобатни ривожлантириш давлат органи билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. 

Учрашув якунида томонлар республикада агро-логистика марказларини ташкил этиш хоҳиши бўлган тадбиркор ва фермерлар учун Франциянинг улгуржи-тақсимот марказлари фаолияти билан яқиндан танишиши мақсадида танишув сафарларини уюштиришга келишиб олинди.