Ўтган йилнинг ёзида Буюк Британияда мухолиф бўлган Лейбористлар партиясининг тахминан 26 минг аъзоси ундан чиқиш ҳақида қарор қабул қилди. Ўтган йилда эса партия сафига 210 минг янги тарафдор келиб қўшилган. Бу ҳақда Times газетаси юқори мансабли лейбористлар томонидан берилган маълумотларга асосан хабар бермоқда.

Нашр маълумотига кўра, бир йилдан камроқ вақт ичида партия билетларини топширганлар сони “аввалги олти йил” бўйича кўрсаткичлардан ошиб кетган. Таъкидланишича, ушбу сиёсий куч таркибидан чиқиш ҳақида қарор қилганларнинг учдан икки қисми 2015 йилги умумий сайловлардан сўнг лейбористлар сафига келиб қўшилган. Шу тариқа Европадаги энг йирик сўл партия янги тарафдорларни жалб этиш бўйича бироз секинлашди, айни дамда уларнинг сони 528 минг нафарни ташкил этмоқда.

Маълумки, ўтган ойда Лейбористлар партиясининг етти мингга яқин аъзоси етакчи Жереми Кобрин партиядошларидан тартиб-интизомга риоя қилиш ва Бирлашган Қиролликни Европа Иттифоқидан чиқиш жараёнини кўзда тутган қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қўллаб-қувватлашни талаб қилганидан сўнг, уни тарк этган.

Лейбористлар ўтган ҳафтада Англия шимоли-ғарбидаги Камбрия графлигида парламентга қўшимча сайловларда консерваторларга мағлуб бўлиб, йирик зарбага дуч келишди. Бундай натижа ушбу сайлов участкасини 1935 йилдан бери назорат қилган Лейбористлар партияси учун катта йўқотиш бўлди. Партия депутатларидан бири Жон Вудстокнинг хавотирли фикрларига кўра, партия 2020 йилга мўлжалланган кейинги умумий парламент сайловларидаги “тарихий ва фалокатли мағлубиятга қараб кетмоқда”.