Европарламент 2 мартдаги Брюсселдаги сессиясида Еврокомиссияни икки ой ичида Европа Иттифоқининг АҚШ билан виза тартибини вақтинчалик тиклаш бўйича чораларни қабул қилишга чақирувчи мажбурий характерда бўлмаган резолюцияни қабул қилди. Бу резолюция АҚШнинг Европа Иттифоқининг 5 та давлати фуқароларига визасиз киришни беришни рад этаётганига жавоб тариқасида қабул қилинган.

Айни вақтда АҚШда Руминия, Болгария, Хорватия, Кипр ва Польша фуқароларига виза тартиби амал қилади. Вашингтон Европа Иттифоқининг қолган давлатлари фуқароларига визасиз киришга рухсат берган. Бироқ АҚШ фуқароларига Европа Иттифоқига киришда ҳеч қандай виза чеклови йўқ. Канада ҳам АҚШга ўхшаш йўл тутган, бироқ у Европа Иттифоқининг юқорида номи айтилган 5 та давлати билан 2017 йил 1 декабрдан визасиз тартибни киритишни ўз зиммасига олган.  

Европа Иттифоқининг 2001 йилдаги қарорига кўра, визасиз тартиб киритилган учинчи давлатлар 24 ой ичида Европа Иттифоқи фуқаролари учун визаларни бекор қилмаса, унда бу "бу учинчи давлатлар фуқароларига визасиз тартиб амал қилишини тўхтатишга" олиб келиши мумкин. Бундай ҳуқуқ  Еврокомиссияга берилган. У учинчи давлатлар билан 12 ойга виза тартибини тўхтатиш таклифини бериш ҳуқуқига эга.

АҚШ ва Канада билан боғлиқ вазиятда Европа Иттифоқининг "жавоб қадами" муддати 2016 йил апрелдаёқ тугаб бўлган. Бу давлатлар Европа Иттифоқи билан виза сиёсатидаги ўзаро яқинликка риоя қилмаётганлари ҳақида 2014 йил апрелда огоҳлантирилганлар. 

Еврокомиссиядан ташқари, учинчи давлатларга нисбатан визасиз тартибни тўхтатиш қарори Европарламент ва Европа Иттифоқи кенгашида маъқулланиши керак.