Мадриднинг «Атлетико» футбол клуби ҳужумчиси Фернандо Торрес бош мия-чаноқ жароҳатини олди. Бу ҳақда жамоанинг Twitter’даги расмий саҳифасида хабар берилди.

Форвард тунни касалхонада, шифокорлар назорати остида ўтказди, бугун эса тиббий текширувдан ўтказилади.

Торрес Испания примерасининг 25-туридаги «Депортиво» билан меҳмонда кечган учрашув (1:1) охирларида жиддий бош мия-чаноқ жароҳатини олган. 32 ёшли футболчи мезбонлар вакилидан бири билан тўқнашувдан сўнг боши билан майдонга қараб йиқилган.

Шифокорлар Торресга беш дақиқа давомида ёрдам кўрсатишди, сўнгра уни майдондан замбилда олиб чиқиб кетишган. Ўйинчи майдон ортидагина ҳушига келган.