Греция ҳукумати мамлакатдаги юқори даражадаги ишсизликка қарши кураш учун Жаҳон банкига 3 млрд евро ажратиш илтимоси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар бермоқда.  

Греция ҳукумати вакилларининг айтишича, Афина бу маблағларни кейинги уч йил ичида йилига 100 мингтадан иш ўрни яратишга йўналтирмоқчи.

Греция ҳукумати вакилларининг айтишича, Жаҳон банкини маблағларни ажратишга кўндириш осон бўлмайди. Нашрнинг таъкидлашича, бу банк одатда ривожланаётган давлатларга молиявий ёрдам кўрсатади, Греция эса ривожланган давлат ҳисобланади.

Жаҳон банкида Грециядан мурожаат олингани тасдиқланган ва у ишчи тартибда кўриб чиқилиши маълум қилинган.

Нашрнинг таъкидлашича, 2016 йили Грецияда ишсизлар сони аста-секин камайишни бошлаган, бироқ ишсизлик даражаси ҳали ҳам юқори бўлиб қолмоқда ва 23 фоизни ташкил қилмоқда. Бу миқдор Европа Иттифоқи бўйича ўртача кўрсаткичдан 2 маротабага кўпроқдир.