Ўзбекистон Инклюзив интернет рейтингида (The Inclusive Internet Index) 47-ўринни эгаллади. The Economist Intelligence Unit'да шу ҳақида маълумот берилди

Мамлакатларнинг инклюзив интернет индекси тўрт  кўрсаткич бўйича баҳоланади: интернетнинг мавжудлиги, унга кириш имкони, арзонлиги ва долзарблиги. 

Интернет мавжудлиги кўрсаткичларига кўра, Ўзбекистон 45-поғонани эгаллаган, кириш имкони бўйича эса мамлакат дунё миқёсида 61-ўринда қайд этилган. Интернет баҳосининг ҳамёнбоплиги кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 59-ўринни эгаллаган, долзарблик кўрсаткичларига кўра эса - 37-ўринда. 

Интернет мавжудлиги бўйича биринчи ўрин икки давлат - Сингапур ва Швеция ўртасида тақсимланди. АҚШ мазкур рейтингда учинчи ўринни эгаллади. 

Интернетга кириш имконига кўра ҳам юқорида номлари қайд этилган давлатлар етакчилик қилмоқда. 

Интернет хизматларининг ҳамёнбоплигига кўра, Канада, АҚШ ва Франция илк уч ўринларни эгаллашган. 

Долзарблик кўрсаткичларига кўра эса, илк ўринлар АҚШ, Япония ва Буюк Британия томонидан забт этилган. 

Тўртинчи ва бешинчи ўринларда Буюк Британия ва Япония мамлакатлари қайд этилган. Ўнликдан шунингдек Жанубий Корея, Франция ҳам ўрин олган. Нидерландия ва Канада саккизинчи ўринни бўлишиб олган. Ўнинчи поғона Италия томонидан забт этилган.

МДҲ давлатларидан Россия 16-ўрин, Украина 22-ўрин, Қозоғистон 25-ўринда қайд этилган. 

Рейтингнинг энг сўнгги ўринларини (71-75) Мадагаскар, Мали, Либериа, Нигер ва Конго мамлакатлари эгаллаган.