Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ва республика қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Раимберди Дуйшенбаев келгусида мамлакат армияси салоҳиятини ҳамкор давлатлар кўмагида ошириш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизмати хабар берган.

"Президент Алмазбек Атамбаев ва Қуролли кучлар бош штаби раҳбари Раимберди Дуйшенбаев Қирғизистон армияси салоҳиятини ошириш учун хорижий ҳамкорлар билан ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш режаларини муҳокама қилди", дейилган матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ҳафта бошида Бишкекка Россия президенти Владимир Путин ташриф буюрганди. Ташриф давомида икки давлат раҳбари ҳарбий-техник ҳамкорлик масаласини ҳам муҳокама қилганди. Музокаралар якунида Атамбаев журналистларга "президентлар армиянинг мустаҳкамланиши ва Россиядан зарур техникалар етказилиши" масаласи муҳокама этилганини билдирди.