Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан танишиш ҳамда Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасида вилоятлар миқёсида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболларини ўрганиш учун 2 март куни Наманган вилоятига келди. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Дастлаб Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда вилоят иқтисодий-саноат салоҳияти ҳақида сўз борди, шунингдек, қўшма агросаноат зонаси ташкил этиш муҳокама қилинди.

Сўнгра, Ерик Утембаев Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Қобилжон Жамолов ва вилоятдаги турли соҳаларда ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари билан учрашди.

"Бугунги кунда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида савдо айланмаси 2 миллиард долларни ташкил этмоқда, лекин ҳукуматларимиз бу миқдорни беш миллиардга етказишни режалаштиришмоқда. Яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга қиладиган сафари доирасида бу борада қатор янги келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Лекин биз, катта бизнес алоқалар билан бир ёнда, икки мамлакат вилоятлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнес доирасида ҳам ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишимиз керак", дейди Қозоғистон элчиси.

"Бугунги кунда Қозоғистонда йирик бизнес ривожланган, лекин кичик ва ўрта бизнес бизда оқсамоқда. Агар Ўзбекистонда бу секторнинг ЯИМдаги улуши 82 фоиз бўлса, бизда 30-40 фоизни ташкил этади. Шундай экан, Қозоғистон кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун ўзбек тажрибасини ўрганиш керак. Фақатгина ҳамкорликни савдо билан боғламасдан, қўшма корхоналар ташкил этишни биринчи ўринга чиқаришимиз керак.

Наманганлик тадбиркорлар элчига ўз корхоналари ва ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ҳақида гапириб беришди, қозоқ бизнеси билан ҳамкорликлари ҳолатини таҳлил этишди, мавжуд имкониятлар ва шерикчилик салоҳиятини намойиш этишди.

Наманганнинг текстил тажрибасини бугун бемалол дунё текстили тажрибаси сифатида амалга татбиқ этса бўлади, сабаби вилоятингиз корхоналарида тикилган кийимлар жуда таниқли брендларга айланиб улгурди. Қолаверса, мана ҳоким билан учрашувда Наманганда қўшма агросаноат зонасини ташкил этиш масаласини муҳокама қилдик. Келгусида Марказий Осиёда бемалол дунёдаги энг йирик мева-сабзавот кластерини ташкил этиш мумкинлигини назардан қочирмаслигимиз керак", – дея давом этган элчи.

4 март куни Ерик Утембаев Намангандаги қатор илғор ишлаб чиқариш корхоналари билан яқиндан танишади, ўзбек-қозоқ бизнеси ҳамкорлигининг истиқболларини муҳокама қилади.