Маъмурий судларнинг ташкил этилиши қандай ўзгаришларга сабаб бўлади

Ўзбекистон 03 Март 2017 8596

Президентнинг 2017 йил 21 февралда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси"да қайд этилган вазифаларни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу улкан аҳамиятга молик тарихий ҳужжатлар мамлакатда суд тизимини янги давр талаби асосида тубдан ислоҳ этишга хизмат қилади, деб хабар қилади Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати.

Фармоннинг аҳамияти, биринчи галда, жисмоний ва юридик шахслар, тадбиркорлик субъектлари сони ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик ва бефарқликка йўл қўймасликка қаратилган. Ўтган даврда суд соҳасида амалга оширилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида қабул қилинган мазкур ҳужжатда бир қатор қонун меъёрларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш белгиланган.

Айтиш керакки, Президент Фармони асосида фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судлари ваколатларини қайта кўриб чиқиш орқали маъмурий судларнинг ташкил этилиши маъмурий тартиб-таомилларни, бу борадаги ташкилий-ҳуқуқий механизмларни юксак натижадорлик билан амалга оширишда жуда муҳимдир. Бинобарин, бугунги кунда бундай тизим кўплаб давлатларда ўз фаолиятини самарали олиб бормоқда.

Жисмоний ва юридик шахслар давлат органлари билан кўп қиррали муносабатларга доимий киришиб туришига эътибор қаратадиган бўлсак, маъмурий тартиб-таомилларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши айни шу шахсларнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишига бевосита таъсир кўрсатади. Бу борада судларнинг ихтисослашуви эса, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизими янада мустаҳкамланишига замин яратади.

Маъмурий судларнинг ташкил қилиниши судларда мавжуд бўлган юқори юкламани енгиллаштириш, судьяларнинг ўз фаолиятига жиддий масъулият билан ёндашишига кенг имкон яратади. Яъни жисмоний ва юридик шахслар билан ишлашда уларнинг ҳар бир талабини чуқур таҳлил қилиш, қабул қилинаётган суд ҳужжатини тайёрлашда уни жамоатчиликка ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунарли бўладиган, суд қарорининг барқарорлигига шубҳа туғдирмайдиган, суд қарори устидан шикоят қилинишига ҳожат қолдирмайдиган даражага етказиш борасида кенг имкониятлар яратилади.

Фуқаролик судлари амалиётида мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан қилинган шикоят билан боғлиқ низолар ҳам кам эмас. 

Юқорида қайд этилганлардан ҳам кўринадики, Ўзбекистонда маъмурий судларни ташкил этиш учун зарурий эҳтиёж мавжуд.

Шу ўринда дунё тажрибасига эътибор қаратсак, Германия ва Россия давлатларида маъмурий судлар тарафлардан бири ижро ҳокимиятининг органи, ўзини ўзи бошқариш идоралари, уларнинг мансабдор шахслари ёки хизматдаги шахслар ваколатига эга бошқа субъектлар бўлган ишларни кўради. 

Бундай низолар доирасига, жумладан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мансабдор шахслар хатти-ҳаракатлари, қарорлари устидан берилган шикоятлари; шахсни давлат идорасига ишга қабул қилиш ёки бўшатишга доир низолар; сайлов, референдум билан боғлиқ низолар; нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар; уруш ногиронлари ҳуқуқлари; ишсизликдан ҳимояланиш; бепул тиббий ва юридик ёрдам олиш; қонун ҳужжатлари устидан берилган шикоятлар киради. Айни чоғда, маъмурий судлар ваколатларига Конституциявий судлар томонидан чиқарилган ҳужжатлар; жиноий жавобгарлик ва корхонанинг ички тартиб-қоидалари билан боғлиқ ишлар тааллуқли эмас.

Мамлакатда маъмурий судларни ташкил этиш учун мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, қарорларидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган етарли ҳуқуқий пойдевор мавжуд. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, қарорлари устидан судга шикоят қилиш, шикоятларни кўриб чиқиш тартиби Фуқаролик процессуал кодексининг талаблари асосида тартибга солиниб, алоҳида фуқаролик иш юритувига ажратилган. 

Фуқаролик процессуал кодексининг 266-моддасига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек, мансабдор шахсларнинг ҳайъат таркиби томонидан ҳамда якка тартибда амалга оширилган ва пировард натижада фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилишига; фуқаронинг ўз ҳуқуқлари ва эркинликларини амалга ошириши йўлида тўсқинликлар вужудга келишига; фуқаро зиммасига ғайриқонуний мажбурият юклатилишига ёки унинг ғайриқонуний равишда бирор-бир жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган хатти-ҳаракатлари ёки қарорлари судга шикоят қилиниши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлар жумласига кириши белгиланган.

Маъмурий қонунчилик нафақат жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини қамраб олади, балки юридик шахслар, хусусий тадбиркорларнинг манфаатларига ҳам дахлдордир. Масалан, Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддасига асосан маъмурий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низолар хўжалик судлари судловига тааллуқлидир.

Хўжалик процессуал кодексининг 24-моддасига мувофиқ, ушбу тоифадаги ишларга давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган, ташкилотлар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини бутунлай ёки қисман ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги низолар; давлат рўйхатига олишни рад этганлик ёки белгиланган муддатда давлат рўйхатига олишдан бош тортганлик устидан берилган шикоятлар; агар қонунда акцептсиз, яъни сўзсиз тартибда жа¬рима ундирилиши назарда тутилмаган бўлса, назорат қилувчи органлар томонидан ташкилотлар ва фуқаролардан жарималар ундириш тўғрисидаги низолар; назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатлари талабларини бузган ҳолда сўзсиз тартибда ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини бюджетдан қайтариш тўғрисидаги низолар киради.

Кези келганда, судларни ихтисослиги бўйича бўлиш принципи буюк бобокалонларимиз томонидан бир неча асрлар аввал жорий қилинганини таъкидлаш жоиз. Жумладан, Соҳибқирон Амир Темур даврида мамлакатда адолатни қарор топтириш учун алоҳида муассаса — "Адолат девони" хизмат қилган. Судлов ишлари қозилар томонидан амалга оширилган бўлиб, ҳар бир шаҳарда "Дорул-адолат", яъни қозихоналар фаолият юритган.

Ўша даврда қозилар тўрт тоифага бўлинган. Яъни биринчи тоифа — Қози-аскар бўлиб, у лашкар, сипоҳлар қозиси бўлган. Иккинчи тоифа — урф-одатлар билан боғлиқ ишларни кўрувчи Аҳдос қозисидир.

Учинчи тоифа — руҳонийлар билан боғлиқ ишларни кўрувчи Шайх-ул ислом. Тўртинчи тоифа — аслзодалар билан боғлиқ ишларни кўрувчи — Иҳдом қозиси. Бутун мамлакат бўйича қозилар фаолиятини назорат қилиш Қозикалонга юклатилган.

Шунга кўра, маъмурий судларни ташкил этишда халқаро илғор тажрибадан фойдаланиш билан бир қаторда, мамлакатимизнинг ўзига хос давлат-ҳуқуқий тузилиши ва ҳуқуқий-тарихий анъаналаридан келиб чиқиш лозим. 

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар судьяларга катта имтиёз бериши баробарида уларнинг зиммасига юксак масъулият ҳам юклайди. Яъни ҳар бир судья билдирилган ишончни шараф билан адо этиши, ўзининг маънавий ва касбий фазилатларини юксалтириш борасида доимий иш олиб бориши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни қонун талабларига мувофиқ ҳолда самарали ҳал қилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига бўлган эътиборини кескин кучайтириши, бир сўз билан айтганда, судьялик мақомига ҳар томонлама муносиб бўлиши талаб этилади.

Кун янгиликлари
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 / 16.08.2017 66470 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 36830 Lifestyle
Ўзбекистон Бадиий академияси фаолиятини ривожлантиришга доир қарор қабул қилинди
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айланмаси 1,8 маротабага ошди
23:59 / 16.08.2017 185 Иқтисодиёт
Германияда жўнатмалар ўз эгаларига Ford электр фургонларида етказилади
23:50 / 16.08.2017 165 Технология
Президент таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши бўйича мажлис ўтказди
23:49 / 16.08.2017 1700 Ўзбекистон
АҚШнинг собиқ президентлари Шарлоттсвилл воқеаларига муносабат билдиришди
23:46 / 16.08.2017 450 Жаҳон
Туркия Германиядан FETÖ раҳбарларидан бирининг топширилишини талаб қилмоқда
23:42 / 16.08.2017 304 Жаҳон
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси ҳудудидаги зиддиятлар камаяди
23:40 / 16.08.2017 1038 Ўзбекистон
Маккада Каъба ёпинғичи – Кисванинг кўргазмаси очилди
23:20 / 16.08.2017 1702 Жамият
Кўпроқ янгиликлар