Халқимизда “тўқликка шўхлик” деган ибора бор. Бу бежизга айтилмайди. Мазкур гап зарафшонлик Лазиз Ашуровга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам тегишли экан, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Бу шахс “Навоий кон металлургия” комбинатига қарашли Марказий кон бошқармасининг “Идоравий ҳарбийлаштирилган ҳарбий отряди”нинг назоратчиси эди. Л.Ашуров яхшигина фаолият юритар эди. Бироқ тўқликка шўхлик қилди.

Л.Ашуров 2015 йилнинг сентябрь ойида фуқаро Шерзод Садировнинг ишончига киради ва уни алдаб, Марказий кон бошқармасига қарашли ташкилотлардан бирига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилади. Эвазига Шерзоддан 400 минг сўм пул талаб қилади. Фирибгарга 390 минг сўм берган Ш.Садиров орадан бир неча ой ўтгандан сўнг алданганлигини тушуниб етади ва тегишли жойга ариза билан мурожаат қилади.

Ш.Садиров ҳар сафар қўнғироқ қилганида Л.Ашуров пулларни тегишли шахсларга бериб қўйганлигини, иш тез орада ҳал бўлишини айтиб, ёлғон ваъдалар бераверади. Шерзод пулларини қайтаришни талаб қилиб, акс ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят қилишини айтади. Л.Ашуров 2016 йилнинг апрель ойида олган пулларидан 190 минг сўминини қайтариб бераётган вақтда СВОЖЖДЛҚК департаментининг Зарафшон шаҳар бўлими ходимлари томонидан ашёвий далил билан ушланди. 

Ушбу ҳолат суд томонидан атрофлича кўриб чиқилиб, Л.Ашуровга нисбатан энг кам иш ҳақининг 60 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди.