Камбағаликка қарши курашувчи халқаро ташкилот Oxfam тадқиқотига кўра, аёллар болалар ва касалларни парвариш қилиш, тозалаш ва егулик тайёрлаш каби хизматлар учун инвестиция тақчиллиги сабабли ҳақ тўланмайдиган ишларни эркакларга қараганда анча кўпроқ бажарадилар.

Маърузада таъкидланишича, бундай аёлларнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси ҳар йили 10 трлн долларни ёки дунё ялпи ички маҳсулотининг 13 фоизини ташкил қилади. Яъни агар бундай ишларни бажарган аёллар меҳнатлари учун ҳақ олганларида шунча пул олардилар. Бу қиймат Ҳиндистон, Япония ва Бразилиянинг умумий ЯИМидан кўпроқдир. 

Бундай бепул, бироқ муқаррар меҳнат сабабли аёлларнинг ўзлари таълим олиш ва маош тўланадиган ишга кириш имкониятидан маҳрум бўладилар ёки мавжуд ишдан воз кечадилар.

Мутахассисларнинг қўшимча қилишича, дунёда ҳақ тўланувчи ишларни бажарувчи аёллар эркаклардан 700 млн нафарга қамроқдир. Oxfam’нинг маълум қилишича, бутун дунё бўйлаб аёллар эркакларга нисбатан кўпроқ ночорликда қолиш хавфига эгалар, камроқ ҳимояланганлар ва камроқ маош оладилар. 

Айни вақтда дунё бўйлаб эркаклар ва аёллар маошлари ўртасидаги ўртача фарқ 23 фоизни ташкил қилади. Дунёнинг 155 та давлатида эркакларга аёлларга нисбатан кўпроқ иқтисодий ҳуқуқ берувчи камида битта қонун мавжуд.

Мутахассисларнинг фикрича, аёллар ва эркаклар меҳнатида, иш ҳақида, иқтисодий ҳуқуқларида тенгликка эришиш учун 170 йил керак бўлади.