Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов ва НАТО Ҳарбий қўмитаси раиси генерал Петр Павел жума куни музокаралар ўтказишди. Улар НАТО томони ташаббуси билан Россия билан муносабатлар музлатилганидан бери илк бора ўтказилди, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги.

Альянс Россия билан муносабатларни бир томонлама музлатиб қўйиш ҳақида 2014 йилнинг апрелида қарор қабул қилди.

"2017 йилнинг учинчи мартида НАТО томони ташаббуси билан Россия Федерацияси Бош штаби бошлиғи – Россия мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари армия генерали Валерий Герасимовнинг НАТО Ҳарбий қўмитаси раиси генерал Петр Павел билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу НАТО Кенгаши томонидан Россия билан муносабатларни музлатиш ҳақида қарор қабул қилинганидан бери ҳарбий йўналишдаги олий даражада бўлган илк алоқадир", - дейилади хабарда.

Томонлар мулоқот давомида хавфсизлик муаммолари, ҳарбий йўналишдаги ўзаро ҳаракатларни тиклаш истиқболлари, Россия мудофаа маҳкамаси томонидан ўтказилаётган халқаро тадбирлардаги альянс вакилларининг иштироки ва улар иштирокидаги ҳодисаларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Хабарда таъкидланишича, Россия Бош штаби бошлиғи суҳбатдоши эътиборини Шимолий Атлантика иттифоқининг Россия чегаралари яқинидаги ҳарбий фаоллиги ортиши билан боғлиқ мавжуд ташвишларга қаратди. 

Шунингдек Герасимов уни Россия мудофаа вазирлиги 2017 йилда ўтказишни режалаштирган муҳим халқаро тадбирлар ва машқлар ҳақида хабардор этган.

"Томонлар Европадаги кескинликни камайтириш ва вазиятни барқарорлаштиришга йўналтирилган ўзаро қадамлар кераклигини тасдиқлашди. Армия генерали В.В. Герасимов ва генерал П. Павел бундай алоқаларни давом эттиришга келишиб олдилар", - дея қўшимча қилиб ўтишган Россия мудофаа вазирлигида.