Тожикистон аҳолиси март ойида дам олиш кунлари ҳамда Оналар куни ва Наврўз байрамлари муносабати билан 13 кун дам олади.

Тожикистоннинг "Байрам кунлари тўғрисида"ги қонунига кўра, агар дам олиш кунига эга расмий байрам шанба ёки якшанба кунига тўғри келса, унда байрамдан кейинги иш куни ҳам дам олиш куни ҳисобланади. Бу ҳақда Тожикистоннинг мустақил касаба уюшмалари федерациясида маълум қилинди.  

Тожикистонда жорий март ойида расмий байрамлар дам олиш кунларига тўғри келмайди.

Шу тариқа, Тожикистон аҳолиси 4, 5 (дам олиш кунлари), 8 (Оналар куни), 11, 12, 18, 19 (дам олиш кунлари), 21, 22, 23, 24 (Наврўз) ва 25, 26 март кунлари ҳордиқ чиқаришади.

Тожикистонда Наврўз байрами муносабати билан 21, 22, 23, 24 март кунлари дам олиш кунлари ҳисобланади. 

Бу йили Тожикистонда Наврўзнинг бош тантаналари Турсунзода шаҳрида ўтказилади.

Тожикистонда Наврўз халқаро байрами маданий дастурида қўшни давлатлар – Ўзбекистон, Афғонистон ва Эрондан вакиллар иштирок этишади. Жумладан, Ўзбекистондан катта делегация кутилмоқда. Турсунзода шаҳри ҳокимининг айтишича, бу делегация таркибида Ўзбекистоннинг вилоятлари ва шаҳарлари раҳбарлари, санъаткорлари ва тадбиркорлари бўлиши эҳтимоли бор. 

Аввалроқ Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2017 йилги Наврўз байрамининг эмблемасини тасдиқлаганди. Унинг буйруғига кўра, Наврўз кунлари мамлакат бўйлаб бинолар, залларни безашда шу эмблемадан фойдаланилади.

Раҳмон, шунингдек, Душанбе ҳокими Рустам Раҳмонга Наврўзни муносиб кутиб олишни ва пойтахтни меҳмонлар келишига тайёрлашни буюрди.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда Наврўз ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганди. Шундан бери 21 март Наврўз халқаро куни сифатида нишонланиб келинади.