Туркия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мевлут Чавушўғли Германияни икки хил стандартларни қўллашда айблади. Бу ҳолат ҳукумат Туркия адлия вазири чиқишини бекор қилганидан сўнг юз берди, деб хабар бермоқда Рейтер агентлиги.

"Агарда Германия Туркия билан муносабатларни ушлаб туришни хоҳласа, у ўзини тутишга ўрганиши лозим", - дея Чавушўғлининг сўзларини келтиради агентлик.

Германиянинг Баден-Вюртемберг федерал еридаги Гаггенау шаҳри ҳукумати Туркия адлия вазири Бекир Бўздагнинг пайшанба кунига режалаштирилган чиқишини бекор қилди. Бўздаг буни номақбул деб атади ҳамда германиялик ҳамкасби Хайко Маас билан учрашувни бекор қилиши ҳақида маълум қилди.

Аввалроқ Туркиянинг бир неча вазирлари жуда ҳам катта миқдорда турклар яшовчи Германияга ташриф буюриш режаси ҳақида маълум қилишди. Бу Туркия конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдумдан аввал рўй бериши мумкин. Туркия олий сайлов кенгаши референдумни 16 апрелда ўтказиш ҳақида қарор қилган. 

Маълумот учун, Берлин ва Анқара ўртасидаги муносабатлар душанба куни Истанбулда асли келиб чиқиши туркиялик бўлган немис журналисти Дениз Юджелнинг ҳибсга олинишидан сўнг янада кескинлашди. У Туркия ҳукумати томонидан “террорчилик фаолиятида иштирок этиш, маълумотлардан ноқонуний фойдаланиш, террорчиликни ташвиқот қилиш”да гумонланмоқда. ГФР канцлери Ангела Меркель Анқарадан Юджелни озод қилиш ҳамда ОАВ эркинлигига риоя этишни талаб қилди.