Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан Ашхободда музокаралар ўтказди.

Ўзбекистон вакили Ашхободга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга давлат ташрифига тайёргарлик кўриш учун келди.

Томонлар учрашув вақтида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари бўйича фикрлар алмашишди, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини, минтақавий масалалар ва халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш йўлларини муҳокама қилишди.  

Ғаниев ва Мередов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга уюштирадиган давлат ташрифига тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишди. Томонлар ташриф вақтида имзоланиши режалаштирилган ҳужжатлар пакетини кўздан кечириб чиқишди.

Томонлар давлатлар ўртасидаги сермаҳсул ҳамкорликдан мамнун эканликларини билдиришган ҳамда ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаб ўтишган.