Мартнинг дастлабки дам олиш кунларида Европа миқёсидаги чемпионатларда бир қатор муҳим учрашувлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Голлар шоусини тақдим этиши билан кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб келадиган «Ливерпуль» ва «Арсенал» ўртасидаги учрашувнинг ўзи буни исботлаб турибди. Tribuna.Uz шу каби муҳим ўйинлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Ливерпуль – Арсенал (4 март, 22:30, UzReport, Матч! Футбол 1)


Англия премьер-лигасининг 27-туридан ўрин олган марказий учрашув сўзсиз «Энфилд»да бўлиб ўтади. 2017 йилни муваффақиятсиз ўтказаётган «Ливерпуль» «Арсенал»ни қабул қилади. ЕЧЛ йўлланмаси учун кечаётган муросасиз курашда бу қарама-қаршилик ҳал қилувчи учрашувлардан бири бўлиши кутилмоқда.

Бўлажак учрашув жамоаларнинг 222 тўқнашуви бўлади. Икки жамоа ўртасидаги дастлабки учрашув бўлиб ўтганига жорий йилда 124 йил тўлади. 1893 йилнинг октябрида бўлиб ўтган учрашувда мерсисайдликлар 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Умуман олганда бу икки жамоанинг учрашувларида «Ливерпуль» 84та ғалабага эришган, 78 учрашувда «канонирлар»нинг қўли баланд келган. 59 учрашув дуранг натижа билан тугаган. Тўплар нисбати ҳам ливерпулликлар фойдасига: 312-287.

Иккала жамоа ўртасидаги ушбу мавсумгача бўлган сўнгги 5та учрашувда фақат бир марта ғолиб аниқланганди («Арсенал» ўз уйида ғалаба қозонган 4:1). Ушбу мавсумдаги биринчи, драматик учрашувда «Ливерпуль» 4:3 ҳисобидаги ғалаба билан ортга қайтганди. Аммо «Ливерпуль» ўз уйида ўтган сўнгги 8 учрашувда бир мартагина «Арсенал»дан устун келган — 3 дуранг 4та мағлубият. Сўнгги марта «Энфилд»да мерсисайдликлар уч йил муқаддам ғалаба қозонган.

Йўқотишлар
«Ливерпуль» таркибида Жордан Ҳендерсон жароҳат олиб узоқ муддатга сафдан чиқди. Леян Ловреннинг ҳам учрашувда иштирок этиши сўроқ остида қолмоқда. Старриджнинг майдонга туша олмаслиги эса ҳозирги Клопп жамоаси учун муҳим рол ўйнамаслиги мумкин.

Рома – Наполи (4 март, 19:00, Sport, Матч! Футбол 2)


Европа чемпионлар лигаси учун кечаётган муросасиз курашда «Наполи» умид сақлаб қолиши учун «Рома» уйида очко йўқотмаслиги керак. Римликлар эса «Ювентус» билан етти очколик фарқни йўқотиш ва «Наполи» билан орадаги фарқни 8тагача ошириш имкониятидан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Уйда қозонилган ғалаба Спаллетти жамоасини энг камида иккинчи ўринда хотиржам қолишига ёрдам бериши тайин.

«Бўрилар» ўз уйида ўтказилган сўнгги 12 учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган. Иккала жамоа ўртасида Римда кечган сўнгги бешта учрашувнинг барчасида «Рома» ғалаба қозонган. Ундан олдинги учрашувда эса дуранг қайд этилган. Сўнгги марта «Наполи» бундан олти йил муқаддам «Рома»ни меҳмонда мағлубиятга учратишга муваффақ бўлган. Бунгача эса неаполликларнинг Римдаги сўнгги ғалабаси 1993 йилга тўғри келади.

Йўқотишлар
«Наполи» таркибида Аллан майдонга туша олмайди. Римликлар таркибида эса ҳозирча бу каби муаммолар кузатилаётгани йўқ. Спаллетти бу учрашувда ҳозирги кундаги энг кучли таркибини майдонга тушириши кутилмоқда.

Кёльн – Бавария (4 март, 19:30, Матч! Футбол 3)


«Кёльн» 2016 йил апрельдан буён «Бавария» ютқазмаяпти. Жамоаларнинг биринчи даврада Мюнхенда кечган учрашувида дуранг қайд этилгани ҳам бу учрашувни қанчалик муҳим эканини кўрсатиб беради. «Бавария» «Лейпциг»нинг навбатдаги қоқилишидан фойдаланиб қолиши мумкин. «Кёльн» эса еврокубоклар йўлланмаси учун курашни давом эттириши учун бу учрашувда ғалаба қозониши керак

Иккала жамоанинг Кёльнда кечган сўнгги бешта учрашувида «Бавария» уч марта ғалаба қозонган. Сўнгги марта «Кёльн» ўз уйида 2011 йил февралда «Бавария»дан устун келган. Жамоа бунгача «Бавария»ни фақатгина 1995 йилдагина ўз уйидан қуруқ қўл билан қайтишига сабабчи бўла олган холос.

Йўқотишлар
«Бавария» таркибида ҳамон Боатенг майдонга туша олмаяпти. Узоқ вақтлик танаффусдан сўнг эса Франк Рибери яна сафга қайтиши мумкин бўлади. «Кёльн»да эса ҳозирча бундай муаммолар кузатилмаяпти.

Барселона – Сельта (5 мартга ўтар кечаси, 00:45, UzReport)


«Барселона» ва «Сельта» ўртасидаги учрашувлар ҳеч қачон зерикарли ўтмаган. Бунинг учун биринчи даврадаги учрашувни эслашнинг ўзи кифоя қилади. Вигода кечган учрашувда мезбонлар 4:3 ҳисобида ғалаба қозонганди. «Барселона» сўнгги икки учрашувдан буён Вигода айнан тўрттадан гол ўтказиб юбормоқда. Чемпионлик учун муросасиз кураш бошланган пайтда Энрике учун собиқ жамоаси устидан ғалаба қозониш жуда муҳим.

Иккала жамоанинг Каталонияда кечган 2014 йилдаги тўқнашувида «Сельта» кучли рақибини мағлуб этишга муваффақ бўлган. Бу Энрикенинг требл қилган мавсумига тўғри келгани янада эътиборга молик. Умуман ўша учрашувгача бўлган Каталонияда кечган сўнгги 9 учрашувнинг 4тасида «Барселона» «Сельта»ни мағлубиятга учрата олмаган.

Йўқотишлар
«Барселона» таркибида Алеиш Видаль мавсум сўнггига қадар майдонга туша олмайди. Жереми Матьё ҳам эндиликда бир қанча муддатга жамоага ёрдам бера олмайди. Арда Тураннинг майдонга тушиши ҳам сўроқ остида қолмоқда. Бироқ Хавьер Маскеранонинг қайтиши тиғиз тақвим вақтида каталонияликлар учун жуда яхши янгилик дейишимиз мумкин.

Тоттенҳэм – Эвертон (5 март, 18:30, UzReport, Матч! Футбол 1)


«Барселона»ни бошқаришга даъвогар икки мураббий  ўртасидаги тўқнашув бу сафар Лондонда бўлиб ўтади. «Тоттенҳэм» Европа Лигасидан чиқиб кетгач, бор эътиборини чемпионат ва кубок баҳсларига қаратган. Ҳозирда Почеттино шогирдлари турнир жадвалида иккинчи ўринда бормоқда. ЕЧЛ йўлланмаси учун кечаётган ақлбовар қилмас курашда лондонликлар бугун жамоа ғалаба қозониши шарт бўлади. Рональд Куман бошчилигидаги «Эвертон» эса еврокубокларда иштирок этиши учун айнан шу каби қийин учрашувларни ҳам ўз фойдасига ҳал қилиши керак бўлади

«Тоттенҳэм» ўз уйида кечган 13 учрашувда ҳали мағлубиятга учрамаган 11 ғалаба ва икки дуранг. Ўз навбатида «Эвертон» ҳам чемпионатдаги сўнгги 9 учрашувдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. Жамоа меҳмонда кечган учрашувларда сўнгги марта 2016 йилнинг 10 декабрида мағлубиятга учраган. Ундан кейин ўтказилган бешта учрашувдан буён жамоа ҳеч бўлмаса бир очкони қўлга киритиб ортга қайтмоқда.

«Тоттенҳэм» «Эвертон»га сўнгги марта 2012 йилнинг декабрида мағлубиятга учраган. Жамоаларнинг сўнгги уч учрашув фақат дуранг билан тугаган. «Эвертон» сўнгги марта Лондонда 2008 йилнинг ноябрида ғалаба билан қайтган. Ундан кейин ўтказилган саккизта учрашувдан буён ливерпулликлар бу вазифани уддалай олишмаяпти.

Йўқотишлар
«Тоттенҳэм» таркибида Тоби Альдервейрелд ва Дэнни Роузнинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда. Асосий таркибнинг қолган чизиқларида энг кучли футболчилар тушиши кутилоқда. «Эвертон» эса Янник Болазининг узоқ муддатга йўқотганини ҳисобга олмаса барчаси жойида.

Зенит – ЦСКА (18:00, Матч ТВ)
Қишки танаффусдан сўнг старт олган Россия чемпионати янги йилдаги илк турданоқ марказий учрашувни бизга тақдим этади. Сўнгги йилларда мамлакат чемпионлигини кетма-кет қўлга киритаётган бу икки жамоа ўртасидаги баҳс бу сафар чемпионлик кураши деб бўлмайди. Сабаби ҳозирда «Спартак» чемпионатда етакчилик қилмоқда. Уларни таъқиб қилиш учун эса бу икки жамоа кураш олиб боради. 

ЦСКА сўнгги тўрт учрашувдан буён ўз уйида «Зенит»ни мағлубиятга учрата олмаяпти. Умуман олганда ЦСКА Москвада кечган сўнгги 11 учрашувда фақатгина 2 марта ғалаба қозона олган холос. Аммо жамоаларнинг биринчи даврада Санкт-Петербургда кечган учрашувида ғолиб номи аниқланмаган.

Бонус
Бу ҳафта қизиқарли учрашувларга бой ўтади. Юқорида биз санаб ўтган учрашувлардан ташқари Испания чемпионатида «Атлетико» – «Валенсия», Россия чемпионати доирасидаги «Краснодар» – «Спартак», Бундеслиганинг доимий қарама-қаршиликларидан бири «Боруссия» Д ва «Байер» учрашувларини ҳам шулар қаторига қўшиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, мартнинг дастлабки дам олиш кунларни мухлисларни зериктириб қўймаслигига кафолат берамиз.