2017 йил 4 март куни «Ўзбекистон» спорт мажмуасида катта бокс кечаси бўлиб ўтди. Унда The World Series Boxing (WSB) Бутунжаҳон Бокс Сериясининг VII фасл учинчи босқичида Ўзбекистоннинг “Uzbek Tigers” жамоаси Россия Федерациясининг “Patriot Boxing Team” жамоасига қарши рингга кўтарилди. 

Унда 49 килограмм вазн тоифасида Ҳасанбой Дўсматов Батор Сагалуевга қарши рингга чиқди. 56 кгда Абдулҳай Шораҳматов Дмитрий Шарафутдинов билан куч синашди. Элнур Абдураимов 64 кг вазн тоифасида Радмир Абдураҳмоновга қарши жанг олиб борди. 75 кгда Исроил Мадримов ва Ражаб Ражабов ўзаро ҳисоб-китоб қилишди. Зуҳриддин Маҳкамов 91 килограмм вазнда меҳмон жамоа вакили Ислом Текеевга қарши имкониятини синаб кўрди. 

Айтиш жоизки, қизғин ва аёвсиз бўлган жангларда ҳамюртларимиз рақибларига умуман имконият қолдиришмади. Ҳакамларнинг якдил қарорларига кўра,  
“Uzbek Tigers” жамоаси “Patriot Boxing Team” жамоасини 5-0 ҳисобида мағлуб этди.

Шу билан Ўзбекистон жамоаси ўзининг гуруҳдаги илк ғалабасини қўлга киритди. 

Энди “Uzbek Tigers” жамоаси яна икки марта рақибларини қабул қилади. 18 март куни Хитойнинг “China Dragons” жамоаси юртимизга ташриф буюради. 1 апрель куни Қозоғистоннинг “Astana Arlans Kazakhstan” термаси “Uzbek Tigers” меҳмони бўлади. Гуруҳдаги сўнгги турда “Uzbek Tigers” Россияга сафар қилиб, 21 апрелда “Patriot Boxing Team” билан жавоб баҳсини ўтказади.  

Маълумки, “Uzbek Tigers” боксчилар клуби 2016 йилда ташкил этилган. VII фаслда унинг таркибига 30 нафар боксчи киргани маълум бўлди. Қайд этиш керакки, ушбу баҳсдан олдинги 2 турда муваффақиятсизликка учраган жамоа таркиби тўлиқ янгиланди. 

WSB AIBA Бутунжаҳон Бокс Серияси VII фаслнинг учта гуруҳи 12 та жамоадан иборат. “Uzbek Tigers” «С» гуруҳида “China Dragons” (Хитой), “Patriot Boxing Team” (Россия) ҳамда “Astana Arlans Kazakhstan” (Қозоғистон) жамолари билан бир қаторда рингга тушадилар. Боксчиларимиз шу пайтга қадар “Astana Arlans” ҳамда “China Dragons” жамоалари билан меҳмонда жанг ўтказган ва икки куч синашишда ҳам рақибларига мағлуб бўлишган эди. 

Эслатиб ўтамиз, The World Series Boxing (WSB) Бутунжаҳон Бокс Серияси чемпионатининг VII фасл учинчи босқич таркибида Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилувчи боксчилар BUKA Boxing Sportswear томонидан тақдим этилган кийимда рингга чиқдилар.

Сўнгги маълумотларга кўра, “Uzbek Tigers”нинг гуруҳдаги асосий рақиби “Astana Arlans Kazakhstan” 4 март куни Хитойнинг “China Dragons” жамоасини қабул қилиб, меҳмонларни аяб ўтиришмаган. Қозоғистонликлар “China Dragons”ни 5-0 ҳисобида мағлубиятга учратишган.