АҚШ президенти Дональд Трамп собиқ президент Барак Обамани унинг телефон мулоқотларини сайловолди кампанияси вақтида яширин равишда эшитишда айблади ҳамда буни пасткашлик, деб атади.

"Президент Обама сайловолди кампанияси жараёнида менинг телефон мулоқотларимни эшитиш учун нақадар пасткашликка қўл урган. Бу Никсоннинг Уотергейт можароси. Ёмон йигит", - дея ёзди Трамп Twitter’даги саҳифасида.

"Гаров ўйнашим мумкинки, яхши ҳимоячи президент Обама менинг телефон суҳбатларимни октябрда, сайловлардан аввал эшитгани факти юзасидан жуда катта ишни ташкил этиши мумкин!" – дея маълум қилди у. Трампнинг сўзларига кўра, уни Нью-Йоркдаги Trump Tower осмонўпар биносида яширин равишда эшитишган.

Шунингдек давлат раҳбари “Амалдаги президентнинг сайловолди кампаниясини эшитишга қонуний ҳуқуқи борми?” деган савол билан ҳам қизиқди.

Маълумот учун, Уотергейт можароси 1972 йилда, "Уотергейт" меҳмонхонасида яширин равишда эшитиш қурилмаларига эга бўлган бир гуруҳ кишиларнинг қўлга олинганидан сўнг рўй берган. Суриштирув жараёни президент Ричард Никсоннинг маъмурияти ўз хизмат ваколатини кўп бора суиистеъмол қилганини кўрсатди ҳамда бу унинг лавозимини тарк этишига туртки берди.