2017 йилда Хитой ҳарбий бюджети тахминан 7 фоизга ошади. Бу ЯИМнинг 1,3 фоизига тенг, деб хабар берди Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши вакили Фу Ин шанба куни.

"Биз ҳар йили ҳарбий бюджетни мамлакат иқтисодий ривожланиши ва ўз талабларимизни ҳисобга олган ҳолда тузамиз. Жорий йилда ҳарбий бюджет тахминан 7 фоизга ўсади ва ЯИМнинг 1,3 фоизини ташкил қилади", - деди Фу Ин якшанба куни бошланадиган Бутунхитой халқ вакилларининг ҳар йилги сессиясидан олдин ташкил этилган матбуот анжуманида.

Фу Иннинг таъкидлашича, бюджет ўсишига таъсир кўрсатган омиллар орасида давлат хавфсизлигини таъминлаш масаласи бор. Унинг сўзларига кўра, омиллар ичида бошқа мамлакатларга таҳдид йўқдир.

"АҚШ Хитой ўз ҳолатини яхшилаши ёки АҚШни жанговар тайёргарлик бўйича ортда қолдиришидан хавотирда, аслида эса Хитой ривожланаётган давлат сифатида АҚШдан бу йўналишда жуда орқада қолмоқда. Шунга қарамай, Хитой ҳарбий қурилишининг ривожи – бу мамлакатимиз хавфсизлиги ва суверенитетини таъминлашдаги талабдир", - дея таъкидлаб ўтди Фу Ин.

Унинг қўшимча қилишича, айни дамда Хитойда Жануби-Хитой денгизида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун куч ва имкониятлар етарлича. Таъкидланишича, Хитой амалдаги ҳудудий баҳсларни мулоқот орқали ҳал этиш тарафдори.

"Хитойда минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун куч ҳамда имкониятлар етарли. Айни дамда Жануби-Хитой денгизи юзасидан баҳслашаётган томонлар музокараларга қайтишди. Ўйлашимча, минтақадаги вазиятнинг ривожида барибир АҚШнинг режаларини ҳисобга олиш керак", - деди Фу Ин.

Айни пайтда Хитой ўз қуролли кучлари модернизацияси билан фаол равишда шуғулланмоқда. Аввалроқ ХХР раиси Си Цзиньпин технологик инновациялар “мамлакат армияси ва миллий мудофаани яхшилашдаги муҳим омил эканини” маълум қилганди. Хитой етакчисининг фикрича, мамлакат халқ-озодлик армиясининг келажаги инновациялар ва ислоҳотларга боғлиқ.

2015 йилнинг сентябрида Си Цзиньпин Хитой 2017 йилнинг охирига қадар ўз қуролли кучлари сонини жанговар бўлмаган таркиб ҳисобидан 300 минг кишига қисқартириши ҳақида маълум қилди. Шунга қарамай, ХХОА дунёдаги энг йирик армия бўлиб қолмоқда – унинг таркибида 2 миллион киши бор.

Хитой ҳарбий бюджети эса дунёда АҚШдан сўнг иккинчи ўринда. Ўтган йили Хитой ҳарбий харажатлари миқдори 146 млрд долларни ташкил этиб, 7,6 фоизга ўсди – бу олти йилдаги энг паст ўсиш кўрсаткичи бўлди. 2015 йилда ҳарбий бюджет миқдори тахминан 135 млрд долларни ташкил этиб, 2014 йил билан солиштирганда 10,1 фоизга ўсди.