БМТ қошидаги наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича халқаро қўмита (INCB) янги ҳисоботни тақдим этди.

Ҳисоботда Марказий Осиёга тегишли бўлган одатий муаммолардан ташқари, афғон наркосавдоси билан боғлиқ яна бир жиҳат акс этган. INCB мутахассислари сўзларига кўра, ўтган йил давомида мамлакат ҳудудида метамфетаминни ишлаб чиқаришга мўлжалланган бир неча лаборатория ва ускуналар топилган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу наркотик ғарб давлатларида анча оммабоп бўлган синтетик стимулятор бўлиб, у героиндан фарқли равишда, кўкнорни қайта ишлашдан тайёр бўлган маҳсулот эмас. 

Халқаро қўмита таҳлилчиларини Афғонистон ҳудудида ишлаб чиқарилаётган наркотик моддалар “ассортименти"нинг кўпайиши жиддий ташвишга солмоқда: аввал метамфетамин у ерга фақатгина тайёр ҳолатда келиб тушган.

БМТ ҳисоботи Афғонистонда кўкнор майдонлари экинларини кимёвий лабораторияларга алмаштириш ҳақида ким ва нимага қарор қилганига ойдинлик киритмаслиги туфайли, Спутник Тожикистон мухбири Рубен Гарсия бу ҳақда экспертлар фикрини билишга қизиқди.

"Эҳтимол биз Афғонистоннинг турли наркотик моддалар ишлаб чиқарувчи энг йирик давлат сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш борасидаги ҳаракатни кўраётгандирмиз. Наркотик моддаларни истеъмол қилиш – бу жуда катта бозор экани барчага маълум. Ҳаттоки Афғонистоннинг ўзида ҳам 32 миллион аҳолига миллион нафар гиёҳванд тўғри келади", - дея маълум қилди сиёсатшунос ва минтақа бўйича мутахассис Андрей Серенко.

Унинг фикрича, метамфетаминнинг халқаро қорадори фабрикаси “юрагида” тарқалишига бир неча сабаб бўлиши мумкин. Биринчиси – бу ҳудудий наркомафияни янги ўтказиш бозорларини эгаллашга ҳаракати ва, агарда метамфетаминнинг қиймати бошқа наркотиклардан баланд бўлмаса, уни бошқа гиёҳванд моддаларни истовчиларга сотишдир.

Иккинчи сабаб, Яқин Шарқдан келган янги куч. У жуда тажовузкор бўлиб, Афғонистон қора бозорида ўз тартибларини ўрнатишга тайёр.

"Бутун мамлакат бўйлаб ИШИД бўлинмалари пайдо бўлмоқда ҳамда улар толиблар билан фаол равишда рақобатга киришган. Ўтган ойда ИШИД ролик чиқарди ҳамда унда наркотик моддалар сотувчисининг қўли чопиб ташлангани тасвирланган, яъни улар худди аввал толиблардек қорадори билан курашни кўрсатишмоқда. Бироқ уларнинг ўзи ҳам ниманинг эвазигадир фаолият юриши керак", - дея аниқлик киритди мутахассис.

Унинг сўзларига кўра, ИШИД амирлари толиблар билан наркойўлаклар устидан назорат бўйича курашга киришганлар. Бунинг устига одатий гиёҳванд моддаларга қарама-қарши равишда бошқа наркотик ишлаб чиқаришни бошлашлари мумкин, уни етказиб бериш йўли эса героиннинг хорижга чиқарилиши йўналиши орқали амалга оширилади. "Агарда лабораториялар Афғонистоннинг Хуросон ҳудудида жойлашган бўлса, бу 100 фоизга ИШИДга алоқадор", - дея таъкидлаб ўтди Андрей Серенко.
Ғарбга метамфетаминнинг экспортига келсак, наркотиклар транзити ўзгаришсиз қолмоқда. Бу Афғонистон-Тожикистон чегарасидан бошланувчи ва бутун Марказий Осиё бўйлаб ўтадиган йўналиш қисмига ҳам тегишли.

"Наркотик кучли қўриқланмайдиган давлат чегараси орқали олиб чиқиладиган бутунбошли занжир мавжуд. Фақатгина кимёвий воситалари ўзгаради – ўтказиш технологияси эса аввалгидек қолган. Афғонистондаги вазиятдан яхши хабардор бўлган исталган инсон сизга йўналишни уч дақиқада қоғозда чизиб бериши мумкин", - дея маълум қилди афғон наркосавдоси масаласи билан яхши таниш ҳарбий мухбир Александр Кописов.

Унинг сўзларига кўра, нафақат метамфетамин лабораторияларининг пайдо бўлиши, балки наркосавдогарлар қўлига гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқаришга керакли бўлган жуда катта ҳажмдаги кимёвий воситалар келиб тушгани анча қизиқдир.

"Вазият героин билан бир хилда, уни ишлаб чиқаришда прекурсор — уксусли кислота ангидрити керак бўлади. Афғонистонда уни ҳеч қачон ишлаб чиқаришмаган ва чиқаришмаяпти, бироқ чегарадан қандайдир йўл билан кириб келмоқда. Наркосавдолар ҳажмига кўра, бу саноат ҳажмларидир: бунинг учун ёки юк самолёти, ёки автомобиллар колоннаси керак бўлади", - дея таъкидлаб ўтди Кописов.

Кўкнор экинлари яқинида жойлашган Америка ҳарбийлари ҳам, халқаро ташкилотлар кузатувчилари ҳам наркотикларни етказиб бериш каналларини аниқлаб, уни йўқ қилишга имконлари йўқ эканига ишониш қийин.

"Россия ўз вақтида ангидритни белгилашни таклиф қилганди, бу улар кимдан қўлидан пайдо бўлгани ёки героин кимга тегишли эканини билишда қўл келарди. Бироқ ҳеч бир мамлакат бунга рози бўлмади. Демак кимгадир бу фойда келтирмоқда. БМТ ҳозир ҳам метамфетаминни ишлаб чиқариш учун керакли бўлган кимёвий воситалар қандай пайдо бўлиши билан қизиқаётгани йўқ", - дея маълум қилди мухбир.

Афғонистондан Собиқ Иттифоқ қўшинларининг олиб чиқилиши ҳамда Собиқ Иттифоқнинг ўзи парчаланиб кетганидан сўнг кўкнор ишлаб чиқариш миқдори доимий равишда ортиб бормоқда. БМТ ҳисоботига кўра, мамлакатда сўнгги 26 йил давомида 96 минг тонна героин ишлаб чиқарилган. Ҳозир эса Афғонистонга дунёда ишлаб чиқарилувчи барча қорадорининг 85 фоизи тўғри келади. Афюн ишлаб чиқаришнинг ўсиши Афғонистонда АҚШ ва унинг иттифоқчилари кучларининг террорчиликка қарши амалиёти бошланганидан сўнг янада ўсди.

Бунга қадар “Толибон” назорати остида бўлган кўплаб дала қўмондонлари наркосавдодан катта пул ишлаб топиш имконини қўлга киритишди. Бу Американинг минтақадаги сиёсатига фаол равишда қаршилик кўрсатмаслик эвазига амалга ошди.