Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё тараққиёт банки президенти Такехико Накао билан учрашув ўтказди.

Осиё тараққиёт банки президенти Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзаро ҳамкорлик лойиҳаларини алоҳида қайд этиб ўтди.

Жаноб Накаонинг таъкидлашича, ОТБ Тошкентга 2017-2019 йиллар даврига 2,6 миллиард долларни суверен кредит шаклида тақдим этишни режалаштирмоқда.

ОТБ делегациясининг Ўзбекистон вазирликлари ва идораларида ўтказган учрашувлари якуни бўйича банкнинг 573 миллион долларлик маблағини жалб қилган ҳолда кичик бизнес, мева-сабзавотчилик соҳалари, сув таъминоти тизими ва автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантиришга доир 4 лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланган.

Маълумот учун, 1995 йилдан бери ОТБ Ўзбекистонга таълим, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ва энергия тармоқлари модернизациясига оид 54 лойиҳани амалга ошириш учун 5,1 миллиард доллар, шунингдек тахминан 65 миллион доллар техник кўмак грантларини тақдим этди.