Кечаги улфатчиликдан боши оғриб, ўрнидан туришга эриниб ётган Шомурод (исмлар ўзгартирилди) ҳовлида собиқ хотинининг овозини эшитиб ҳушёр тортди, деб ёзади “Постда” газетаси.

Аёл у ётган сўрига яқинлашиб, бақира кетди: 

– Нега алимент пулини тўламаяпсиз? Судга арз қиламан! 

– Бақирма! Иш топсам, оларсан пулингни, – деди Шомурод афтини буриштириб.

– Берадиган пулингиз менга эмас, болаларга керак. Ишламай уйда ётгунча пул топиб, алиментни тўлаб қўйинг! – бўш келмади Хуршида. 

«Ҳа, бу хотин мени қаматишдан ҳам тоймайди». Шомурод шундай деганча ғудрана-ғудрана ўрнидан турди-да, юз-қўлини ювишга тутинди. 

Мана, неча ойдирки, алимент тўлашга пули йўқ. Шу сабаб у муқим бир ишнинг бошини тутмаганидан юраги сиқилар, мақсадсиз кўча-кўйда санғиб, танишлари билан ҳуда-беҳуда кун ўтказарди.

Шомурод бугун нима қилсам экан, дея боши қотди. Шу пайт Ширин шаҳрида танишларидан бири тўй қилаётгани ёдига тушди. Худди катта бойлик топиб олган кишидай қувониб кетди. 

Кеч бўлишини кутишга сабри чидамаган Шомурод шошилинч тўйхонага отланди. Қўшниси Аслиддин ҳам борган экан, тўй якунига етаётган пайтда у нотаниш бир киши билан тортишиб қолди. Шомурод уларни ажратиб қўйди. Кейин иккала қўшни тўйхонадан чиқиб, чойхонага борди ва зиёфатни давом эттиришди.

Шомурод қўшнисига дардини тўкиб-сочди. 

– Аслиддин, минг йиллик ҳамсоямсан, ичимдагини сенга айтмасам, кимга айтаман?! Хотин ўлгурдан ажрашганим етмагандай, ҳар ой алимент сўраб безор қилади. Мундоқ шароитимни тушунгиси ҳам келмайди. Агар бор бўлиб бермаётган бўлсам, бошқа гап, йўқ бўлса нима қилай, оғайни?

 – Эркакмисан, ахир, ишла, пул топ! Ким сени қўлингдан ушлаб турибди? Техникага тушунасан-ку, бирон устахонадан иш сўраб кўр.

– Сендан маслаҳат сўраётганим йўқ! Ақл ўргатма! Дўст бўлсанг, қарзга пул бер демоқчи эдим, – деди жаҳл билан кайфи ошиб қолган Шомурод ва унинг гапларидан ўзини камситилгандек санаб, чойхонадан чиқиб кетди. 

Шомурод уйига яқинлашгани сари қўшнисининг гаплари юрагига наштардек ботарди. У Аслиддиндан аламини олиш ниятида қўшни ҳовли олдида тўхтади. Дарвозани тақиллатди. Ҳеч ким жавоб бермагач, уйда қўшнилари йўқлигини тушунди.

«Айни вақти, – деб пичирлади ўзига ўзи Шомурод. – Мени эркакмисан, дедингми? Қараб тур, кимлигимни кўрсатиб қўяман сенга». 

Шомурод секин девор ошди. Бу уйда бир неча марта меҳмон бўлган. Қаерда, нима борлигини яхши билади. Аммо уйнинг кириш эшиги қулфланган экан. Қулфни буза олмагач, эшик ёнидаги ойнани тирсаги билан уриб синдирди. Қўлидан оқаётган қонга, оғриққа ҳам эътибор бермай ичкарига кирди. Битта ноутбук, битта планшетни олди. Кейин пул излашга тушди. Қараса, диваннинг тагида кичик ҳажмли сейф турибди. Бундан севинган Шомурод сейфни ҳам ўзи билан олиб чиқиб кетди. Хилватроқ жойга бориб, сейфни бузди. 3 миллион 500 минг сўм, 1 минг 500 АҚШ доллари, турли тилла тақинчоқлар, бир дона уяли телефон ва бошқа ҳар хил буюмларни олди, уй эгаларига тегишли ҳужжатларни эса сейфга солиб, шу ерга беркитиб қўйди.

Ўзганинг мулки бировга буюрмайди. Қинғир ишнинг қийиғи, албатта, чиқади. Шомуроднинг кайфу сафоси узоққа чўзилмади. Аслиддин тергов вақтида охирги марта қўшниси Шомурод билан ўтирганини, жанжаллашиб қолишганини айтгач, ички ишлар органлари ходимлари зудлик билан ишга киришишди. Ўғри тезда қўлга олинди. Аслиддиннинг уйида қолдирилган бармоқ излари ҳамда қон таҳлиллари, қолаверса, турли ашёвий далиллар Шомуроднинг жиноий қилмишини тўла-тўкис исботлади.