Тошкент вилоятининг туманларидан бирида катта нотариус бўлиб ишлаб келган Холида Юнусова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) касб сир-асрорларини яхши биладиган билимли аёл эди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Бироқ унинг олдига фуқаро Ш.Алибеков мерос бўйича мурожаат қилиб келганида, қонунчилик талабларини тушунтириш ўрнига, вазиятдан шахсий манфаатлари йўлида “унумли” фойдаланиб қолишни кўзлади. Мурожаат этган фуқароларга турли важларни келтириб, олдига қайта ва қайта келишга ундади. 

Бу орада Ш.Алибеков томонидан барча керакли ҳужжатлар тақдим этилади. Аммо нотариус меросни расмийлаштириш ва уни тезлатиб бериш учун Ш.Алибековдан 200 АҚШ доллари беришини талаб қилади. Ноилож қолган Ш.Алибеков нотариусни бир амаллаб 100 АҚШ долларига кўндиради.

Бунча маблағни топишга имкони бўлмаган, қолаверса, барча керакли ҳужжатларни тақдим этган Ш.Алибеков нотариуснинг тамагирлиги юзасидан қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлади.

Ўтказилган тезкор тадбирда катта нотариус Холида Юнусова Ш.Алибековдан 100 АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди.

Суд Холида Юнусовани маълум муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.