Тунисдаги ҳайвонот боғидаги тимсоҳ бераҳм одамлар қурбони бўлди

Жамият 04 Март 2017 17645
Фото: Flickr/ William Warby

Тунис пойтахти ҳайвонот боғи у ерда ташриф буюрувчилар томонидан тимсоҳ тошбўрон қилингандан кейин вақтинчалик ёпиладиган бўлди, деб хабар бермоқда маҳаллий ҳокимиятга иқтибос келтирган ҳолда "Франс Пресс" ахборот агентлиги. 

Маълум қилинишича, Тунисдаги Belvedere ҳайвонот боғи 6 март, душанбадан "тозалаш ва таъмирлаш ишлари" сабабли ёпилади.

Аввалроқ ҳайвонот боғи маъмурияти қонга беланган тимсоҳнинг суратларини чоп этиб, тимсоҳ ташриф буюрувчилар томонидан тошбўрон қилинганидан кейин ички қон кетиши сабабли нобуд бўлганини маълум қилган. Facebook’да чоп этилган, жонсиз тимсоҳнинг боши ва қонга беланган тротуар суратлари катта шов-шув келтириб чиқарган.

Тунис атроф-муҳит вазири ҳайвонот боғи назоратини кучайтириш учун қўриқчиларни кўпайтириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш полиция хизматининг уч агентини жалб қилишга қарор қилган. Ҳозирча бу чоралар пойтахт Тунисдаги ҳайвонот боғига тааллуқлидир, бироқ апрелдан ҳукумат бу полиция бўлимининг барча кучларини  бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирмоқчи.

Belvedere ҳайвонот боғи биринчи марта шундай можаро марказида қолиши эмас. Маълум қилинишича, у анчадан бери таъмирталаб аҳволда. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари мутасадди шахслардан у ердаги ориқлаб кетган шерларни одамларнинг тажовузларидан қутқариб, тор қафаслардан чиқаришни талаб қилишган. Ўтган йили чиқиндилар ичида қолган ҳайвонот боғининг суратлари интернетда кескин танқидга учраганди.

Кўпроқ янгиликлар