UFC’да Нурмагомедов ўрнига бошқа жангчи топишга улгурилмаслиги айтилди

Спорт 04 Март 2017 8377

Мутлақ жангчилик чемпионати UFC 4 март куни америкалик Тони Фергюсон билан жанг ўтказиши керак бўлган россиялик жангчи Хабиб Нурмагомедов ўрнига бошқа жангчи топишга улгура олмайди. Бу ҳақда чемпионат раҳбари Дана Уайт маълум қилди.

Россиялик спортчи 3 март куни машғулот вақтида жигар соҳасида кескин оғриқ сезиб, Лас-Вегасдаги шифохонага етказилган. Шу сабабли жанг бекор қилинган.

"Муаммо шундаки, жангга бир кун қолди. Жангчилар тиббий кўрикдан ўтиши керак", деб айтган Уайт.

Шу сабабли, Уайт UFC россияликнинг ўрнига тушадиган жангчини топа олишига шубҳа билдирган.

Аввалроқ Хабибнинг менежери Али Абдул-Азиз жангнинг бекор қилинишидан афсус билдирган, унинг рақиби Фергюсон эса унга тезроқ соғайиб кетишни тилаган.

Нурмагомедов ва Фергюсон Тошкент вақти билан 5 март эрталаб Лас-Вегасда UFC 209 мусобақаси доирасида учрашишлари керак эди. Ушбу жанг ғолиби енгил вазн тоифасидаги чемпион Конор Макгрегор билан жанг қилиш ҳуқуқини қўлга киритар эди.

Кўпроқ янгиликлар