Лондоннинг "Челси" клуби ўйинчиси Жон Террининг уйи тунаб кетилди. Жиноятчилар 25 февралда Англия жанубининг Суррей графлигидаги нуфузли туманда жойлашган футболчининг данғиллама уйига у рафиқаси билан чанғи курортида ҳордиқ чиқараётганда киришган. Қизиғи, ўғрилар уй эгасининг йўқлигини Instagram орқали аниқлашган: Терри у ерда қорли қояда тушган суратини чоп этганди

Ўғрилар 10 та ётоқхона, 34 кишига мўлжалланган уй кинотеатри ва ер ости аквариуми бўлган уйга унинг хавфсизлик тизимини четлаб ўтиб кириб, минглаб фунт стерлинглик қимматбаҳо буюмларни ўмариб кетишган, деб хабар бермоқда The Sun нашри.

Футболчи ва унинг рафиқаси бундан тушкун ҳолатга тушишган.

Ўтган йил декабрда худди шунга ўхшаш воқеа аргентиналик футболчи Карлос Тевес билан юз берганди. Тевес никоҳ маросими ўтаётган Уругвайда бўлганда, ўғрилар унинг Буэнос-Айресдаги уйини тунаб кетишган.

Хавфсизлик бўйича мутахассисларнинг огоҳлантиришига қарамай, кўпчилик ўзининг ҳаётидаги ҳар бир лаҳзасини ижтимоий тармоқларда "кўз-кўз қилишни" хуш кўради. Бу эса аксарият ҳолларда жиноятчиларга қўл келади.