Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унда ҳукумат Ички ишлар вазирлигининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналарини босқичма-босқич жорий этиш ҳақидаги таклифига розилик берди.

Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ва техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талоннинг янги намунаси 2017 йилнинг 1 октябридан бошлаб берилади. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган кундан бошлаб 10 йил муддатга берилади 

Амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намуналарига ўтилиши: 

2017 йил 1 октябрь — 2018 йил 31 декабрь даврида — эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун, уларнинг берилган санасидан қатъи назар — улар эгасининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий равишда; 
2019 йил 1 январь — 2020 йил 31 декабрь даврида — эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун, уларнинг берилган санасидан қатъи назар — мажбурий тартибда амалга оширилади.

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш 2017-2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич — автомототранспорт воситасини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда амалга оширилади. 

Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. 

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг тавсифи 

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси пластикдан тайёрланади. Пластикдан тайёрланган гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади. Гувоҳноманинг ранги — оч пушти. Лотин ёзувидаги давлат тилидан фойдаланилади. Серияли рақами икки ҳарфли, номери олти рақамли. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг пластик шакли қуйидаги ҳимоя воситаларига эга: 

  • Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири шаклидаги голограмма, у нишабликнинг турлича бурчагида ўз шаклини ўзгартиради; 
  • микроматн — «Haydovchilik guvohnomasi Водительское удостоверение Driving licence», ўлчами максимум 30 микрон; 
  • ультрабинафша қоплама; 
  • «UZ» ёзувли эгилганда бир рангдан бошқа рангга товланадиган оптик турланадиган бўёқ; 
  • гилош, доимий равишда қийшайиб турадиган 40-70 мкм қалинликдаги тўлқинли чизиқларнинг қалин тармоғи шаклидаги нақш; 
  • серияли рақамнинг лазер ўйма нақши.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг олд томонида «Haydovchilik guvohnomasi», «Водительское удостоверение», «Driving licence» сўзлари ёзилади, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган, Ўзбекистон Республикасининг номи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган, Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенцияга (Вена шаҳри, 1968 йил 8 ноябр) 6-илова 4-бандининг 1-3, 4а-4с, 5-7, 9-кичик бандларида ва 5-банди 8-кичик бандида назарда тутилган маълумотлар мажбурий тартибда кўрсатилади, фотосурат учун жой назарда тутилган. Орқа томонида Йўл ҳаракати тўғрисидаги конвенцияга (Вена шаҳри, 1968 йил 8 ноябр) 6-илова 4-бандининг 9 ва 12-кичик бандларида, шунингдек 5-бандининг 10 ва 11-кичик бандларида назарда тутилган маълумотлар мажбурий тартибда кўрсатилади. 1-12-бандларда назарда тутилган маълумотлар келтирилади. Алоҳида белгилар учун жой назарда тутилган. A, B, C, D, BE, CE ва DE  тоифаларини бошқариш учун миллий ҳайдовчилик гувоҳномасинининг ҳақиқийлиги тегишли пиктограммалар билан ифодаланган.

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг тавсифи 

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ўлчами 54х86 мм. пластикдан тайёрланади. Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг ранги — кўк. Лотин ёзувидаги давлат тилидан фойдаланилади. Серияли рақам икки ҳарфли, номери олтита рақамли. Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шакли қуйидаги ҳимоя воситаларига эга: 

  • Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири шаклидаги голограмма, у нишабликнинг турлича бурчагида ўз шаклини ўзгартиради; 
  • микроматн — «Avtomototransport vositasi ro‘yxatdan o‘tkazilganligi to‘g‘risida guvohnoma Свидетельство о регистрации автомототранспортного средства Vehicle license», ўлчами максимум 30 микрон; 
  • ультрабинафша қоплама;
  • «UZ» ёзувли эгилганда бир рангдан бошқа рангга товланадиган оптик турланадиган бўёқ; 
  • гилош, доимий равишда қийшайиб турадиган 40-70 мкм қалинликдаги тўлқинли чизиқларнинг қалин тармоғи шаклидаги нақш; 
  • серияли рақамнинг лазер ўйма нақши. 

Гувоҳноманинг олд томонида «Avtomototransport vositasi ro‘yxatdan o‘tkazilganligi to‘g‘risida guvohnoma», «Свидетельство о регистрации автомототранспортного средства», «Vehicle license» сўзлари ёзилган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган, «Ўзбекистон Республикаси» сўзлари давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган. Автомототранспорт воситасининг давлат рақам белгиси, ишлаб чиқарилган йили, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилган сана, автомототранспорт воситасининг эгаси тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми ёки ташкилотнинг номи, манзили), Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг бўлими мажбурий тартибда кўрсатилади.

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг орқа томонида автомототранспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар: русуми, модели, тури, кузов шоссе рақами, тўла вазни, юксиз вазни, двигателнинг тоифаси ва қуввати, ёнилғи тури, ранги, ҳайдовчининг ўриндиғи билан биргаликда ўтириладиган ўринлар сони, тик туриладиган ўринлар сони, алоҳида белгилар мажбурий тартибда кўрсатилади.

Техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талоннинг тавсифи 

Техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талон тўртбурчак шаклидаги, ўлчамлари 54х86 мм. бўлган зичлиги бир квадрат метрга 140ҚҒ-5 грамманли 100 фоиз пахтадан олинган қоғоздан тайёрланади. Қоғоз қатлами орасига жойлашган, ультрабинафша нурда кўринадиган кўк ва оч яшил рангли тола ҳамда нурда яхши ажралиб турадиган «пахта чаноғи» кўринишидаги умумий «сув белги»си мавжуд. 

Офсетли ёзув, минтақа коди, серияси икки ҳарфли, номери олти рақамли. 

Бланка қуйидаги махсус ҳимояга эга:

кимёвий таъсирга бардошли бўёқдан фойдаланилади, юза қисмидаги катакларда нусха олишга ва сканер қилишга қарши ингичка чизиқлар мавжуд. Бир рангдан бошқа рангга расм чизиқлари бузилмасдан оҳиста жилоланиши таъминланган.

Жуда катталаштирилганда микроматн кўринади, ультрабинафша нурда кўринмайдиган тасвирлар ва олтита рақамли сон кўринади. Махсус қабариқ ва ўйиқлар мавжуд. Лотин ёзувидаги давлат тилидаги матндан фойдаланилган.

Олд томонида автомототранспорт воситасининг русуми, давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиси кўрсатилади. Талоннинг орқа томонида ўтказилган техник кўрик натижаси, жорий ва навбатдаги техник кўрикдан ўтиш санаси кўрсатилади. Талондаги ёзувлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати бўлими мансабдор шахси томонидан амалга оширилади ҳамда унинг имзоси ва махсус штампи билан тасдиқланади.

Ҳукумат қарорида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намунасини тасдиқлаш тўғрисида» 2006 йил 19 декабрдаги 261-сон қарори 2017 йил 1 октябрдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисобланиши белгилаб қўйилди.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ички ишлар вазири А.А. Азизов зиммасига юкланди.