Кимлар Ўзбекистонда транспортдан бепул фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолди?

Ўзбекистон 04 Март 2017 51789

Идоравий ҳужжатларни амалдаги қонунчиликка мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан “Шаҳар йўловчилар транспортида (таксидан ташқари) айрим тоифадаги фуқароларга бепул юриш ҳуқуқини берувчи ягона гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги Низом”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб Адлия вазирлигида 2017-йилнинг 15-февралида 2434-1-рақам билан давлат рўйхатидан ўтказилди. 

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу ўзгариш ва қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016-йил 22-февралдаги ПФ-4782-сон “Аҳолининг ҳожатманд қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Меҳнат вазирлигининг айрим масалалар бўйича ваколатлари Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига юклатилганлиги муносабати билан киритилди.

Шаҳар йўловчи транспортида бепул юриш ҳуқуқига эга булган фуқаролар рўйхатини ҳар йил якуни бўйича инвентаризация қилишда Шаҳар йўловчи транспортини бошқариш органлари томонидан Пенсия жамғармаси ва Мудофаа вазирлигига бериладиган маълумотларни ягона шаклига келтириш мақсадида Низом 4-илова билан тўлдирилди. 

Ушбу илова билан нафақа олувчиларга шаҳар йўловчилар транспортида бепул юриш ҳуқуқи берилмаган. Шаҳар йўловчи транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларни тоифалари ўзгармаган. 

Ўзбекистон Республикасининг “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунига кўра шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига фақат:

1941—1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар; 
1941—1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс; 
1941—1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар; 

Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар; 
Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар; 
кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс эгадир.

Маълумот тариқасида: шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари) бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаларини ўзгартириш фақат Ўзбекистон Республикасининг “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан амалга оширилиши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар