Узоқ умр кўриш ва организмдаги ёғлар алмашинуви ўртасида боғлиқлик топилди

Жамият 04 Март 2017 11388
Фото: Fotolia

Россия Фанлар академиясининг маълумот алмашиш муаммолари Институтидан бўлган олимлар ва уларнинг хорижий ҳамкасблари организмдаги ёғлар алмашинувининг ўзига хос жиҳатлари инсон умри давомийлигига қандай таъсир ўтказишини аниқлади. Бу ҳақда Scientific Reports журналида эълон қилинган мақолада айтилади.

"Биз тур ҳаётининг давомийлиги ва унинг моддалар алмашинувининг ўзига хос жиҳатлари ўртасидаги боғлиқликни аниқладик. Бу жуда қизиқ бўлиб, биз томондан сутэмизувчиларнинг 35 тури тери остида пайдо бўладиган ёғ тўқималаридан ташкил топган ўсимта (липидома) ҳақида олинган маълумотлар жуда муҳим. Аввал липидома ривожланишини атиги тўрт турда ўрганилган. Бизнинг 35 тур бўйича маълумотларимиз янги, жуда қизиқ натижаларни олишда қўл келади", - дея айтиб ўтди институт илмий ходими Екатерина Храмеева.

Инсон ҳаётининг одатий давомийлиги доимий қийматга эга эмас – инсоният пайдо бўлганидан бери у 20дан 30 йилгача бўлган вақтни ташкил этган, сўнгра аста-секин, илм-фан ва тиббиёт ривожланишига қараб ўсиб борган. Бугунги кунда аксарият давлатлардаги кишилар 60 йилдан кўпроқ яшайди, Япония ва бошқа ривожланган давлатлар эса бу кўрсаткич – 80 йилга тенг. 

Бошқа томондан, кўплаб тирик жонзотлар учун ўзига хос максимал ёш бор бўлиб, унга етган ҳайвонларнинг аксарияти қариликдан ўлади. Сўнгги йилларда олимлар бу инсонга мос экани юзасидан жиддий баҳсларга киришган. Ўтган йилнинг октябрида америкалик тадқиқотчилар бундай максимал ёш 100-115 йилга тенг эканини маълум қилишди.

Храмеева ва унинг ҳамкасбларининг айтишича, ҳаётнинг максимал давомийлиги бир-бирига яқин бўлган сутэмизувчиларда ўн бараварга фарқ қилиши мумкин. Масалан, инсонлар макакаларга қараганда уч маротаба кўпроқ ҳаёт кечиради – бу ДНК тузилмасидаги кичик фарқларга қарамай кузатилади. Олимлар бунга нима сабаб эканини аниқлай олишгани йўқ.

Россиядаги институт ва бир қатор хорижий тадқиқот марказлари олимларининг тахминича, бу саволга жавоб мия, жигар, буйраклар ва бошқа органларнинг ҳужайралари ёғ молекулалари билан қандай алоқада бўлишида яшириниши мумкин. Олимлар бу назарияни текшириш учун 35 турдаги сутэмизувчиларнинг муҳим органларидан 669та ёғ намуналарини олишди, сўнгра уларнинг молекуляр тузилмасини бир-бири билан таққослашди.

Маълум бўлишича, ҳужайралар ҳаёт фаолиятида қўлланиладиган ёғ молекулалари тузилмасидаги ўзига хос жиҳатлар ҳақиқатдан ҳам сутэмизувчиларнинг умри давомийлиги билан боғлиқ экан. Масалан, узоқ яшайдиган ҳайвонларнинг ҳужайра мембранасидаги баъзи ёғ турлари қисқа ҳаёт кечирадиган турларнинг ҳужайраларидаги шундай молекулаларга қараганда кўпроқ водородга эга бўлган.

Янгилик муаллифларининг тахминича, бу моддалар алмашинуви тезлигидаги фарқ билан боғлиқ – узоқ яшайдиган ҳайвонларда бу ёғ турлари секинроқ оксидланади. Олимларнинг фикрича, сутэмизувчилар организмларидаги ёғлар айланишига оид бундай фарқларнинг топилиши қариш жараёни қандай юз бериши ва уни тўхтатиш имкони ҳақида тушунча ҳосил қилишга ёрдам бериши мумкин.

Кўпроқ янгиликлар