Энг йирик халқаро ахборот агентликларидан бири Associated Press (AP) АҚШ вице-президенти Майкл Пенс билан зиддиятга борди. Бунга газета материалларидан бирида унинг турмуш ўртоғи Карен Пенснинг электрон почта манзили чоп этилгани сабаб бўлди. 

Зиддият AP'нинг 3 мартдаги мақоласидан бошланди. Унда Пенс ва унинг турмуш ўртоғининг ишчи мақсадларда AOL'даги шахсий аккаунтларидан фойдаланганликлари таъкидланган. Гап камида 2013 йил ҳақида бормоқда, у пайтлар сиёсатчи Индиана штати губернатори лавозимини эгаллаган. 

Пенс ички хавфсизлик ва бир қатор бошқа масалаларни муҳокама қилиш учун шахсий манзилидан фойдаланган. Масалан, мактублар орасида унинг маслаҳатчиси ФҚБнинг терроризмда айбланган бир неча кишини қўлга олишга бўлган талаби ҳақида маълум қилгани топилган. 2016 йилнинг ёзида унинг почтасига бузиб кирилди. 

Пенснинг вакили шундан кейин сиёсатчи AOL'да бошқа, юқори хавфсизлик чоралари кўрилган шахсий акканут очгани ҳақида айтганди. Журналистлар Ҳиллари Клинтон атрофида ҳам шунга ўхшаш можаро юз берганини ёдга олишди, бироқ республикачи бундай айбловларни рад этди. 

"Мен билан Ҳиллари Клинтон ўртасида ҳеч қандай ўхшашлик бўлиши мумкин эмас. Биз Индиана қонунларини тўлиқ бажардик. Ҳуқуқшунослар давлат фаолияти билан боғлиқ ҳаволалар ёки эпизодларни аниқлаш учун менинг электрон почтамдаги шахсий ёзишмаларимни кўздан кечиришди. Индиана қонунларига кўра, биз барчасини маҳаллий ҳукуматга етказдик", - деган АҚШ вице-президенти Майкл Пенс. 

Дастлаб AP агентлиги AOL электрон почтасидан 29 саҳифага эга бўлган Indianapolis Star'га асосланди. Ўшанда маҳаллий ҳукумат конфидециаллик билан изоҳлаб, бошқа файлларни топширишдан бош тортганди. 

AP журналистлари ҳам республикачининг электрон почтаси саҳифаларига сўров беришди, бироқ уларнинг мақоласида Indianapolis Star'дан фарқли ўлароқ, икки муҳим фарқ топилди. Агентлик ишчи мақсадларда Карен Пенснинг ҳам шахсий электрон манзилидан фойдаланганлик ҳақида маълумот берди ва аниқ манзилларни келтирди. 

Пенснинг жаҳли чиқиб, AP раҳбари Гэри Прюиттга манзилни ўчириш талаб қилинган хабарни йўллади. У турмуш ўртоғи ҳануз бу манзилдан фойдаланишини маълум қилган. 

Агентлик Пенснинг мурожаатини рад этганидан сўнг вице-президент ўзининг Twitter'даги саҳифасида AP мактуби ҳақида сўз юритган. Унга кўра, бу эпизод аҳамиятга эга эмас, зеро Карен ҳукуматнинг сайланган вакили эмас. Пенс адолат тамойили ва журналистлик этикаси бузилгани учун агентликдан узр сўрашни талаб қилган.

Баёнотда Пенс собиқ иккинчи хоним - Жилл Байденнинг электрон почтаси чоп этилиши билан боғлиқ ҳолатларни эслай олмаслигини қўшимча қилган. 

Воқеа жамоатчилик томонидан муҳокама қилина бошлагач, AP расмий баёнот билан чиққан. ОАВ билан алоқалар бўйича агентлик раҳбари Лорен Истон журналистлар бундан аввал ҳам нашр қилинган материалдаги фактларга содиқ қолишгани ва шаффофлик тамойиллари туфайли унга тўғирлаш киритмоқчи эмасликларини таъкидлаган. Шунингдек у AP бундан кейинги материалларида Карен Пенснинг электрон манзилини қайд этмаслигига ваъда берган. Журналистлар ва сиёсатчи ўртасидаги зиддиятга барҳам берилдими ёки йўқ - номаълум.