Қабул қилинаётган янги қарор ва фармонлар, режалаштирилаётган мақсадлар Ўзбекистоннинг қатор соҳаларида ислоҳотлар олиб бориш зарурлигини кўрсатмоқда. Жумладан, Олий таълим тизимида ҳам. Сабаби айнан унинг сифати келажакда иқтисодиёт ёки қонунчиликда амалга оширилган ишларнинг самарали бўлишига таъсир кўрсатмай қолмайди. 

Чет эл университетларида, асосан, илғор ғарб мамлакатларида, мажбурий давомат тушунчаси деярли йўқ, шунга қарамай дарсхоналари доим тўла. Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкин-ки, АҚШ олий таълим муассасида талабалар “нб” олишдан қўрқиб эмас, балки ўзларидаги шу фанга нисбатан қизиқиш ва билим олиш истаги борлиги учунгина дарсга боришади. Бу истакларнинг пайдо бўлишига бир қатор сабаблар бор. 

Биринчидан, улар университетда ўрганмоқчи бўлган фанларни, ҳозирги бозордаги талаб ва шахсий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланган рўйхатдан ўзлари танлайдилар. Масалан, айнан молия соҳасида иш юритмоқчи бўлган иқтисодчи фонд бозори ёки банк тизимига алоқадор фанларни танлаб, уларни чуқурроқ ўрганади. 

Иккинчидан, дарс жараёнининг ўзи талабалар учун жуда қизиқарли. Бир ярим соат қуруқ лекцияни эшитиб ва ҳеч нимани тушунмагандан кўра, бир соат ўқитувчи билан суҳбат қуриб (айнан суҳбат қуриб) талаба кўпроқ маълумот олади. Бу ерда яна ғарб олий таълим муассасаларини мисол келтириш ўринли, деб ҳисоблайман. У ерда шундай ўқитувчилар бор-ки, уларнинг фикрига осонликча қўшилган талабаларни хушламайдилар ва ДОИМО талабадан танқидий фикрлашни кутадилар. Чунки фақат мавзуни тушунган одамгина жўяли танқид билдириши мумкин. Исбот сифатида, дунёнинг энг машҳур ва бой инвесторларидан бири Уоррен Баффетнинг талабалик йилларига назар солайлик. У Колумбия Бизнес Мактабига ўқишга кириб, ўша замоннинг энг кучли иқтисодчиси ва инвестори Бен Грэҳем (машҳур "The Intelligent Investor" китоби муаллифи) маърузаларида қатнашиб, унинг назарияларини танқид остига олади ва ўз нуқтаи назарини билдиради. Энг қизиғи ушбу дарсдан Уоррен Баффет гуруҳдаги ягона юқори баҳони қўлга киритади. 

Учинчидан, берилаётган билимнинг актуаллик даражаси талабанинг ўқишга нисбатан қизиқишида муҳим роль ўйнайди. Баъзида ўзимизнинг университет дарсликларида Microsoft Office 2003 дастурини ёки Windows XP операцион тизимни ўрганиш учун ажратилган соатларни кўриб, ҳайрон қоламан. Ахир ҳозир уларни ҳеч ким ишлатмайдику, уларни ўргангандан не наф? 

Тўртинчидан, университетларнинг материал таъминоти жуда ҳам юқори даражада бўлмоғи зарур. Ҳар бир университет ва институтда бутун ҳудуд бўйлаб (фақат кутубхонада эмас!) текин интернет бўлиши шарт. Бизда дарс жараёнида электрон қурилмалардан (планшет ва ноутбуклардан) фойдаланиш тақиқланган, холбуки, улар маъруза пайтида жуда фойдали. Талаба тушунмаган жойини, дарҳол интернетдан қараб тушуниб олиши ва маърузачини ортиқча уринтирмаслиги мумкин. 

Бешинчидан, кириш имтиҳонларининг ўзини ўзгартириш зарур. Нимага молия ва ахборот технологиялари каби ҳар хил бўлган йўналишларга ҳужжат топширган абитуриентлар математикадан бир хил имтиҳон топширишлари керак? Ахир, математика жуда кенг фан ва келажакда улар унинг бошқа-бошқа бўлимларини ва даражаларини ишлатадилар-ку. Ёки университетга кириш учун инглиз тили имтиҳонини олайлик. Келажакдаги иқтисодчи ҳам, инглиз тили ўқитувчиси ҳам бир хил даражадаги инглиз тили имтиҳонини топширишади. Инглиз тили ўқитувчиси бўлмоқчи бўлган абитуриентга талаб кучлироқ бўлиши керак эмасми?

Мен профессионал эксперт эмасман, ўз фикрини билдираётган талабаман холос. Шунинг учун баъзи бир фикрларим нотўғри ёки бизнинг жамиятда самарасиз бўлиши мумкин. Бироқ янада кўпроқ инсонлар, тегишли вазирлик ишчиларидан тортиб то оддий ўқитувчи ва талабаларгача, ўз танқидий фикрларини билдирсалар, энг актуал муаммолар тезда аниқланиб, бартараф этилган бўлар эди. Охири сўз сифатида бир нарсани таъкидламоқчиман, талабаларимизнинг салоҳияти жуда ҳам юқори, фақатгина уларга яхши шароит ва имкониятлар етишмаяпти холос. Агарда бу муаммоларни энг қисқа муддатда ечсак КЕЛАЖАК бизники!!!

Турсунов Олим

И.М. Губкин номидаги Нефть ва Газ Россия Давлат Университетининг Тошкент шаҳридаги филиали талабаси