Яқинда “Ёшлар” телеканали халқимизнинг севимли фильмига айланиб улгурган “Ажойиб хаёлпараст” картинасини намойиш қилди. Ўттиз йилдан буён ҳар йили ҳеч бўлмаганда бир марта бу фильм тақдим этилса-да, қайта-қайта томоша қилавериш мухлисларни асло зериктирмайди. Лекин фильмга асос қилиб олинган ғоя ўйга толдириши аниқ.

Комедия жанрида суратга олинган бўлса-да, бош қаҳрамоннинг тақдири анчагина аянчли кечади. Ҳали ҳеч ким қўл урмаган соҳа - қуёнчиликни йўлга қўйиб, шунинг ортидан бойиб кетиш, ўзининг нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўйиш ва барча яқинларини совғалар билан хурсанд қилиш истаги Ҳасанбойга тун-у кун тинчлик бермайди. Лекин бутун қишлоқ унинг бу ҳаракатига қарши, ҳамма уни ёмонлайди, ҳеч ким уни тушунмайди, тушунишни истамайди ҳам. Туғишган укаси “юлғич, олибсотар” деб атайди, энг ишонгани, суюкли рафиқаси уни ақлдан озганликда айблайди. Ахир юзаки қаралганда ҳам бундай эмаслиги маълум, Ҳасан ака ҳеч кимнинг ҳақини юлиб емайди, қуёнларни қишлоқдан олиб шаҳарга сотиш сингари олибсотарликдан ҳам йироқ. Лекин ўша давр, кечаётган замон ҳамда инсонлардаги шаклланган қарашлар укага ёлғиз ва ғамхўр акани шундай аташга, турмуш ўртоғини севувчи, оилам дегувчи итоаткор аёлга эрига тик боқиб гапиришга изн беради. Ҳаммани кулдирган қаҳрамон фильм сўнгида ўзининг бу нияти мутлақ хато эканлигини англаб етгандек тушкун кайфиятга тушади. 

Бу фильм яратилганига тарих нуқтаи назаридан ҳеч қанча муддат бўлгани йўқ. Фильм ижодкорларининг аксарияти ҳаёт, орамизда юришибди, ундаги манзаралар кўпчилигимизга қадрдон қишлоғимизни эслатади. Аммо шу қисқа муддат ичида қарашлар бутунлай ўзгариб кетган.

Агар севимли актёримиз Бахтиёр Ихтиёровнинг бу образи бизнинг давримизда яшаганида борми, у шубҳасиз ишбилармон тадбиркор дея аталган, энг камида ўзи яшаётган ҳудудда ҳамма ҳавас қиладиган инсонга айланган бўларди. Чунки у оиласининг, яқинларининг фаровон яшаши йўлида тун-у кун меҳнат қилади, қийналсада, ёлғиз ўзи интилаётган бўлсада, ортга чекинмайди. 

Албатта, ҳамма ҳам бир маромда кечадиган ҳаёт тарзини ўзгартириб юборишга интилаётганларни қабул қила олмайди. Ҳар даврда бундай инсонлар бўлган ва уларнинг кўпчилиги атрофдагилар унинг ғояларини ҳазм қила олмаганликлари учун қийналиб ўтишган ҳамда ўз лойиҳаларини ҳаётган татбиқ эта олишмаган. Асрлар суронида бундай инсонларнинг қанча бўлганлиги, улар билан бирга нечталаб оламшумул ихтиро ёки йўналишлар тарихнинг муттасил айланувчи ғилдираги остида эзилиб кетгани албатта, номаълум. Инсоният даҳоси дея аталган Леонардо да Винчининг аксарият лойиҳалари ўша даврда ҳаётга татбиқ қилинмаган, кўпчилик уларни мутлақо кераксиз матоҳ дея атаган ва олимни ҳатто сафсатабозликда айблашган. Бугунги кун қарашларида у яратган учиш мосламасини ясаш мактаб ўқувчисининг ҳам қўлидан келадигандек туйилсада, айнан шу мосламалар тараққиётнинг қайсидир босқичида фан-техника инқилоби учун асос вазифасини ўтаган.

Да Винчи ўз даврида эъзозланишига сабаб эса у яратган суратлар ва ҳайкаллар бўлган. Бундай санъат асарлари инсонни тарихга муҳрлаб қўйишини яхши англаб етган даҳонинг замондошлари ўша даврлардаёқ ғоялари аҳмоқона туйилмасин уни кўкларга кўтаришган.

Иван Грозний замонида учувчи мосламани ихтиро қилиб уни шоҳга тақдим этган олимнинг тақдири анчагина аянчли кечган, ҳукмдор уни порохли бочкага ўтқазиб “учириб” юборган (ҳарқалай шундай гаплар юради).

Ҳозирда ҳар қандай инсон тараққиёт ютуқларидан фойдаланиб кўкка парвоз қилиши мумкин. Эришилган ютуқларни ортда қолдирувчи, нафақат сайёрамиз атрофида, балки ўзга сайёраларга ҳам учиб боришни мўлжаллаётганларга, бу режа устида тер тўкаётганларга ҳамма ҳавас қилади. 

Ҳар бир гўшада, ҳамма қишлоқларда чақалоқлар дунёга келаяпти. Уларнинг қай бирида инсоният оғирини енгил қила олгудек даҳолик яширинганини ҳеч биримиз билмаймиз. Ўзимиз янгиликка интилмасак-да, фарзандларимизнинг дастлаб оддий туйилган қизиқишларини англаб етишимиз, уларнинг ҳатто омадсизликка учраши мутлақо аниқ бўлган ғояларини ҳам қўллаб қувватлашимиз лозим. Чунки бу ғоя айнан уларники!

Инсоният тараққиёти омадсизликлар, хатолар ва адашишларга қарамай чекинмаслик ортидангина юзага чиқади. Унутманг, уни яратаётганлар ҳам сиз-у биз каби инсонлар, уларнинг ота-оналари ҳам худди биз каби оталар ва оналардир.

Аброр Зоҳидов