Хитой ўзининг махсус маъмурий ҳудуди бўлган Ҳонгконгга нисбатан "бир давлат – икки тизим" тамойилига амал қилишни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этади, деб айтди Хитой давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян.

"Биз Ҳонгконгни унинг аҳолисининг ўзи бошқаришига асосланиб, "бир давлат – икки тизим" тамойилини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни давом эттирамиз", деб айтди Кэцян.

У шу билан бирга "Ҳонгконг мустақиллиги" ҳақидаги шиорлар истиқболга эга эмаслигини айтган.

Ҳонгконг Буюк Британия бошқарувидан Хитой тасарруфига 1997 йилда ўтган. Айнан ўшанда "бир давлат – икки тизим" тамойили эълон қилинган ва унга кўра Ҳонгконг кенг мухториятга эга.

Кэцяннинг таъкидлашича, Хитой яна бир ҳудуди бўлган Тайван мустақиллигига ҳам йўл қўймайди ва томонлар 1992 йилда эришган консенсусга амал қилади. 

Хитой бош вазирининг айтишича, Пекин Тайвань бўғозида тинчлик ва барқарорликни авайлайди. "Биз Тайвань мустақиллигига қаратилган айирмачилик фаолиятига қатъиян қаршимиз ва бундай фаолиятни бостириш учун қатъий чоралар кўрамиз", деб огоҳлантирган Кэцян.