Хитой Ялпи ички маҳсулоти 2017 йилда 6,5 фоизга ўсади. Бу ҳақда ХХР ҳукуматининг йиллик ҳисоботида келтирилган.

"2017 йилда иқтисодий ўсиш умумий кўрсаткичлари 6,5 фоизни ташкил қилади", дейилган ҳисоботда.

Хитойда кейинги йилларда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари доимий равишда пасайиб бормоқда. 2010 йилда ЯИМ ўсиши кўрсаткичи 10,4 фоизни ташкил қилган бўлса, 2015 йилда 6,9 фоиз бўлганди.

Қайд этиш керакки, 6,5 фоиз - кейинги 27 йил ичидаги энг ёмон кўрсаткич ҳисобланади.

Хитойда бу йилда истеъмол нархлари 3 фоизга ўсади.

Истеъмол нархлари индекси (CPI) 2016 йилда 2 фоизни ташкил қилганди. 2014 ва 2015 йилларда бу кўрсаткич мос равишда 2 ва 1,2 фоизга тенг бўлганди.

Хитой бюджети дефицити 2017 йилда 2,38 трлн юань (345 млрд доллар) бўлиши кутилмоқда. Бу ўтган йилдагига таққослаганда 200 млрд юанга кўпроқдир.

Хитой ҳукумати прогнозига кўра, ишсизлик даражаси 2017 йилда 4,5 фоизни ташкил қилади, ўтган йили бу кўрсаткич 4,02 фоиз бўлган.

Хитой Халқ Республикаси халқ вакиллари Умумхитой йиғини мамлакатнинг олий қонун чиқарувчи идораси ҳисобланади. Йиғиннинг 5 сессияси якшанба куни Пекинда иш бошлаган. Хитой парламентининг қарийб 3 минг депутати иштирок этаётган қурултой 15 мартга қадар давом этади.

Қурултой олдидан халқ вакиллари Умумхитой йиғини расмий вакили Фу Ин Хитой ҳарбий бюджети бу йил 7 фоизга ўсиб, ЯИМнинг 1,3 фоизни ташкил қилишини билдирганди. Унга кўра, ҳарбий бюджетни кўпайтириш қарорига бошқа давлатлар билан қарама-қарши туриш хавфи эмас, балки давлат хавфсизлигини таъминлаш масаласи сабаб бўлган.

Хитой ҳарбий бюджети дунёда АҚШдан сўнг иккинчи ўринда туради. 2015 йилнинг сентябрь ойида Хитой Халқ Республикаси Президенти Си Цзинпин 2017 йилга келиб мамлакат қуролли қўшинлари сонини 300 мингга қисқартиришини маълум қилганди. Шунга қарамасдан Хитой армияси дунёдаги энг йириги бўлиб турибди. Унинг таркибида 2 миллион аскар хизмат қилади.