Шанбадан якшанбага ўтар кечаси Ливия қирғоқларида 122 нафар ноқонуний мигрант қутқарилди, ёрдам етиб келгунга қадар бир соат ичида 5 киши изсиз йўқолган. AFP агентлиги шу ҳақида хабар берди

Унга кўра, шиширилган қайиқдаги ноқонуний мигрантлар Golfo Azzurro гуманитар кемасининг радари ёрдамида аниқланган. "100 дан ортиқ киши поёнсиз денгиз ўртасида ноқулай об-ҳаво шароитида мислсиз фожиа ёқасида эди", - дея изоҳлайди ёрдам кўрсатиш операцияси раҳбари Оскар Камп ўзининг Twitter'даги саҳифасида. 

Маълумотларда таъкидланишича, қутқарув кемаси етиб келишидан бир соат олдин 7 киши қайиқдан сувга тушиб кетган, уларнинг фақат икки нафаригина ортга қайтишга муваффақ бўлган. Қутқарилган мигрантларнинг барчаси Лампедуза оролига етказилади. 

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, 2016 йилда Ўрта ер денгизи орқали Европага ўтганлар сони 360 мингдан ошган, бундан ташқари, 5 мингдан зиёд киши Европа қирғоқларига етиб келмасидан ҳалок бўлган. Жорий йил бошидан буён Европага келаётиб ҳалок бўлганлар сони 300 кишидан ошган.